Ёшлар — келажак бунёдкори. Изланиш ва ўрганиш самараси
2024-11-28 16:40:00 / Янгиликлар
Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ИИОФМБ психологик таъминлаш гуруҳи катта психологи, лейтенант Илҳом Ибрагимов ички ишлар органларида фаолият бошлаганига эндигина 3 йилдан ошаётган бўлсада, у устозларидан ҳамда ҳамкасбларидан билмаганларини ўрганиб амалиётга татбиқ этмоқда.
Хусусан, шахсий таркиб ўртасида психологик тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради. Психодиагностик ўрганишлар давомида ходимларга кун давомида, хизмат олиб бориш жараёнида фуқаролар билан бўладиган турли хил зиддиятли вазиятларда агрессияга берилмаслик, хотиржамлик билан тушунтириш ишларини амалга ошириш, қўполлик қилмаслик, фуқаролар томонидан ички ишлар органлари ходимларига нисбатан илиқ фикрлар шаклланишига эришиш кераклиги тўғрисида психологик тавсиялар ва маслаҳатлар бериб бориш фаолиятининг ажралмас қисмидир.
- Ходимлар билан ўтказилган суҳбатлар давомида кўпчилиги оилавий масалаларни ҳал этиш ҳамда ижтимоий аҳвол бўйича амалий ёрдам сўрашади, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Бу бўйича раҳбариятга мурожаат қилиниб, ҳар бир ходим алоҳида ўрганилиб, амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.
Лейтенант И. Ибрагимов хизматдан бўш вақтларида спорт билан ҳам мунтазам шуғулланиб келади. У кураш бўйича ўтказилган мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган.
Илҳомжон келгусида етук кадр бўлиб етишиши учун билими, тажрибаси ва кўникмасини янада ошириши лозимлигини жуда яхши ҳис қилади. Шунинг учун ҳам изланишдан, ўрганишдан эринмайди.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.