Терговни билимдонлар олиб боради. Қонуний ва холис
2024-11-27 07:20:00 / Янгиликлар
Хонқа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 99 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилиб, шундан 74 таси якунига етказилди. Тергов жараёнларида 21 та қўшимча жиноят аниқланиб, 4 та ҳолатда томонларнинг ярашувига эришилди.
Хонқалик Р.Тозагул (исм-шарифлар ўзгартирилди) ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, ўзгалар мол-мулкини ғайриқонуний равишда қўлга киритиш мақсадида товламачилик жиноятини содир этди. У хорижга ишга кетган турмуш ўртоғининг «Telegram» мессенжери орқали хонқалик Н.Дармонжон билан ўрталаридаги СМС хабарларни аниқлаб, ушбу ёзишмаларни сир сақлаши ва ўчириб ташлаши эвазига ундан 2 миллион сўм пулни товламачилик йўли билан қўлга киритади. Режаси осонгина амалга ошганидан хурсанд бўлган Тозагул орадан икки кун ўтгач, Дармонжонга қўнғироқ қилиб, яна 300 АҚШ доллари беришни талаб қилади. Унинг қилмишларидан сабр косаси тўлган Дармонжон ички ишлар органига мурожаат қилади. Ўтказилган тезкор тадбир давомида аёл ўз уйида Дармонжондан 100 АҚШ доллари ҳамда 2 миллион 500 минг сўм пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
- Жиноятга қўл урган кимсалар ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади, — дейди Тергов гуруҳи катта терговчиси, майор Жалолбек Бобожонов. — Ўз режаларини гувоҳларсиз амалга ошириш, воқеа жойида из қолдирмаслик чораларини кўришади. Аммо тергов-тезкор гуруҳининг тажрибали, синчков ходимлари уларнинг бу хомхаёлларини пучга чиқариб, жиноятга алоқадор барча ашёвий далилларни топишади. Бу жиноятни фош этишда муҳим омил саналади.
Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
Суратда: майор Жалолбек Бобожонов профилактика инспектори, майор Акбар Худойберганов билан хизмат пайтида.