Инсон қадри учун. Меҳнатдан келса бойлик
2024-11-24 11:00:00 / Янгиликлар
Бугун юртимизнинг шаҳар-қишлоқларида халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни обод манзилларга айлантириш борасидаги амалий ишлар ижобий маънода бўй кўрсатиб улгурди. «Инсон қадри учун» тамойили устувор бу эврилишлар айни пайтда одамларнинг қалбида ҳаётидан мамнунлик, шукроналик туйғуларини уйғотмоқда, дея бемалол айта оламиз.
Ҳудудимизда 2727 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди маҳалла раиси Саодат Жуманова. — Маҳалламиз туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган. Интернет тармоқлари етиб келмаган эди. Ҳозирги кунда одамларимиз алоқа сифатидан жуда хурсанд.
Ҳа, маҳалла раисасининг гапларида жон бор. Қоқсойликлар неча йиллардан буён узоқ масофадан ичимлик сувини ташиб келтиришар ёки сотиб олишарди. Бугун янги сув иншооти қурилиб, хонадонларнинг жўмрагидан тоза ичимлик суви тушди ва ушбу масала тўлиқ ечимини топди.
Айниқса, маҳаллага келаверишдаги 11 километр ёлнинг асфальт қилиниши аҳоли учун қатор қулайликлар яратди.
Яқинда «Қоқсой»да маҳалла еттилиги ва мутасаддилари «Камбағалликдан — фаровонлик сари» дастури асосида қилинаётган ишлар билан танишишди.
Аҳолининг яшаш шароит-лари ўрганилиб, мавжуд масалаларга ечим изланди.
Ушбу маҳаллада одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш мақсадида сектор мутасаддилари ҳам бир ёқадан бош чиқариб ишлашга ҳаракат қилишяпти.
Бунинг самараси ўлароқ, узоқ йиллардан буён қишлоқ одамларини қийнаб келаётган газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар аста-секин ўз ечимини топмоқда.
Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Мунира Эргашева «Аёллар дафтари»да рўйхатда турарди. У субсидия асосида 50 бош парранда олиб, хонадонида парваришлай бошлади. Кейинчалик иссиқхона ҳам қурди. Ҳозирда иссиқхона ва паррандачиликда оила аъзолари ҳам унга яқин кўмакчи, энг муҳими, ушбу фаолият тури билан шуғулланаётган оиланинг молиявий даромади тобора яхшиланмоқда.
Ёшим 30 да, бир неча йиллар давомида хорижда ишладим, — дейди шу маҳаллалик Шоҳрух Рашидов. — Узоқ юртларда одамга ўзи туғилиб ўсган жой, яқинларининг қадри жуда билинаркан. Ҳозирда оилам бағрида, оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлаганман. Томорқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.
Халқимиз тилидаги «Ҳаракатда баракат», «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик» каби мақоллар замирида ҳаёт ҳақиқатлари яшайди, албатта.
Бунинг ёрқин исботини ушбу маҳаллада истиқомат қилиб келаётган Умар Долиевнинг омилкорлигида ҳам кўриш мумкин. Чунки айни кунларда унинг хонадонидаги 2 сотихлик иссиқхонада етиштирилаётган қулупнайларни кўриб кўзингиз қувонади. Чиройли қилиб ишлов берилган иссиқхонада қулупнай ҳосили мўл. Бу эса, ўз навбатида, оиланинг моддий имкониятларини оширади.
Сирасини айтганда, мутасаддиларнинг эътиборидан, қўллаб-қувватловидан куч олган қоқсойликлар ҳалол меҳнати орқасидан эртанги кунга ишонч билан интилиб, рўзғор камини ортиғи билан тўлдиришга ҳаракат қилишмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Гулноза Турғунбоева, Самарқанд вилояти.