«Ипак йўлида туризм» халқаро туризм ярмаркаси ўтказилмоқда
2024-11-23 09:10:00 / Янгиликлар
Ярмарка доирасида хавфсиз туризмни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари ҳам мазкур тадбирда фаол иштирок этмоқдалар. Улар томонидан туристлар хавфсизлигини кафолатлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, замонавий ёндашувлар ҳамда жамоатчилик билан мулоқот қилишда инновацион технологияларни қўллаш борасидаги лойиҳалар тақдим этилмоқда.
Тадбир доирасида меҳмонлар ва иштирокчилар хавфсизликни таъминлашга қаратилган махсус тадбирлар, амалий кўргазмалар ва маълумот берадиган буклетлар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Хавфсизликка бағишланган бундай ёндашув халқаро даражада эътироф этилмоқда ва мамлакатимизга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этишда муҳим ўрин тутади.
«Ипак йўлида туризм» ярмаркаси нафақат туризмни ривожлантириш, балки унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим платформага айланди.