Жиноят, ҳақиқат ва адолат. Жаҳл қилган қартаяди
2024-11-21 21:00:00 / Янгиликлар
Мирзачўл туманининг «Боғбон» маҳалласида яшовчи Б.Қ. ҳамда «Дўстлик» маҳалласида истиқомат қилувчи Қ.Қ.нинг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугайди, деб ҳеч ким ўйламаганди. Тунги соат 22:00 лар эди. Воқеа иштирокчилари дастлаб бир-бирини ҳақорат қилишдан бошлаб, ҳаракатлари муштлашув билан давом этди. Шу орада янграган сўкинишга чидай олмаган Қ.Қ. чўнтагидаги калта қайрилма пичоқни чиқариб, рақибига санчди. Кўкракка қадалган тиғ жабрланувчини ўша заҳоти қулатди...
Шифокорлар йигитнинг ҳаётини сақлаб қолишга қанчалик уринишмасин, у ҳушига келмади. Ўша туннинг ўзидаёқ гумон қилинувчини қўлга олиш чоралари кўрилди. Қисқаси, ақлига эмас, жаҳлига таянганлардан бири ҳаётдан кўз юмди, бошқаси эса ёшлик йилларининг муайян қисмини панжара ортида ўтказиши тайин бўлиб турибди.
Жиззах вилояти ИИБ ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу жиноят муҳокамасида «Боғбон» ва «Дўстлик» маҳаллалари аҳолиси, еттиликлар, сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари қатнашди.
Тадбирда шу ва бошқа жиноятларни келтириб чиқарган сабаб ва омилларга тўхталинди. Жумладан, ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, ичкиликбозликнинг олдини олиш, жойларда профилактик тадбирларни амалга ошириш, бандликни таъминлаш, спиртли ичимликларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш борасида йўл қўйилаётган камчиликларга аҳамият берилди.
Муҳокама давомида туманда содир қилинган жиноятлар маҳаллалар кесимида таҳлил қилинди. Бундан ташқари, туманда юз берган йўл транспорт ҳодисалари ҳақида сўз юритилиб, мавзуга оид видеолавҳалар намойиш қилинди. Ўз навбатида, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда ўрта умумтаълим мактабларида, шунингдек, ота-оналар томонидан болаларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига оид билимларини ошириш, вояга етмаганларни эътиборсиз қолдирмаслик юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
©️ “Postda” газетаси, Алижон Абдусатторов, Жиззах вилоят