Тунги рейд. Қонунбузарликларга барҳам бериб
2024-11-18 21:00:00 / Янгиликлар
Чироқчи туманида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳамкорликдаги тунги рейд тадбири ўтказилди.
Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ходимларига йўриқнома ўтказилгач, тунги хизматга киришилди. Дастлаб туман марказида жойлашган қатор компьютер ўйинхоналари кўздан кечирилди.
Бу жараёнда 8 нафар вояга етмаган ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз компьютерхоналарда борлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, тунги вақтларда туман марказида бемақсад юрган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Пробация хизмати ходимлари томонидан бир нафар шахс яшаш уйида йўқлиги аниқланиб, у кетган манзилидан олиб келиниб, огоҳлантирилди.
Рейд тадбири давомида «Бўронжуз» маҳалласида яшовчи фуқаро ўзининг «Nexia-3» русумли автомашинасини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқариб юргани, «Чироқчи» маҳалласида истиқомат қиладиган бошқа бир ҳайдовчи эса «Nexia-1» автоуловини қайта жиҳозлагани маълум бўлди.
Автомашиналар жарима майдончасидан жой олди. Қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан баённомалар тузилди.
Шу куни туман ИИБ соҳавий хизматлари ходимлари томонидан кўча ва жамоат жойларида бемақсад юрган, шубҳа уйғотган, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган 9 киши ички ишлар бўлимига олиб келинди.
Бундан ташқари, тунги вақтда қаровсиз қолдирилган 4 та буюм ўз эгаларига топширилди.
©️ “Postda” газетаси, С.Тўхтаев. Қашқадарё вилояти.