Муаммо, мулоҳаза: Қоидаларга беписандлик оқибати
2024-11-14 11:10:00 / Янгиликлар
Кишилик жамияти маълум бир тартиб-қоидаларга асосланади. Тартиб-қоидалар инсониятнинг тинч, хотиржам ва фаровон яшашига хизмат қилиб, жамиятнинг мавжудлиги ва барқарорлигини таъминлайди. Аксинча ҳолатда эса, турли кўнгилсиз, ҳатто аянчли ҳодисалар юз бераверади.
Қарши тумани «Хитойкенти» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Т.С. амалдаги қоидаларга риоя этганида, бахтсиз ҳодиса сабабчисига айланмаган бўларди. Гап шундаки, у ўзининг «Spark» русумли автомобилини «Қарши — Бешкент» автомобиль йўлида бошқариб кетаётиб, «Мирмирон» маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмига келганида йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборади. Натижада жабрланувчи А.Б. оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилади. Афсуски, шифокорлар томонидан тиббий муолажа кўрсатилишига қарамай, у бу ёруғ оламни эрта тарк этади.
Суриштирувлар натижасида маълум бўлишича, ҳайдовчи Т.С. нохуш ҳодиса рўй беришидан олдин йўлда ҳаракат серқатновлигини, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олмаган ҳолда белгиланган тезликни меъёридан оширган. Бу йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик оғир оқибатларга олиб келишини тасдиқлайдиган яққол далилдир.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Кўпинча кўнгилсиз воқеаларга гувоҳ бўлганимизда ёқамизга туфлаймиз, йўл тасодифларга тўла, дея ўзимизга таскин берамиз. Титраган лабларимиздан ҳар кимни Яратганнинг ўзи асрасин, деган илтижолар янграйди. Орадан бирмунча фурсат ўтгач эса, яна тирикчиликнинг ҳеч қачон тугамайдиган юмушларига ўралашиб, кўрган-кечирганларимизни тамомила унутамиз. Ваҳоланки, кўчага чиқишдан олдин уйимизга соғ-омон, тинч қайтиб келишни ният қилиш билангина чекланмай, доимо мавжуд тартиб-таомилларга, айниқса, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига риоя этадиган бўлсак, юқоридаги каби мудҳиш фалокатлар умуман юз бермайди. Охир-оқибат афсус-пушаймонда қолмаслик учун ана шу ҳақиқатни тан олиб яшайлик, қоидаларга асло беписанд бўлмайлик.
Жамшид ТАШКЕНТОВ, капитан.
Қашқадарё вилояти.