Самарқандда волейбол бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасининг республика босқичи ўтказилди
2024-11-05 13:00:00 / Янгиликлар
Унда ҳудудларнинг ёшларидан таркиб топган терма жамоалар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ИИБ раҳбарияти сўз олиб, барча қатнашчиларга зафарлар тилади.
Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ҳамда ташкилотчилар томонидан мусобақага қатнашиш мақсадида ташриф буюрган жамоалардан иборат ёшлар таништирилди ҳамда иштирокчиларга ўйин шартлари тушунтирилди.
Сўнгра мусобақага старт берилди ва унда жамоалар бор куч ғайратини ишга солиб, шиддат билан ўйинларга киришди.
Мусобақа беллашувлари баҳсли жараёнларга бой бўлди.
Муросасиз кечган ва қизғин беллашувлар билан ўтган мусобақа якунида унинг ғолиблари аниқланди.
Қорақалпоғистон Республикасидан келган ёшлар мусобақаларда бор куч-ғайратини намоён этиб, 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўрин эса Қашқадарё воҳаси ёшларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Наманганлик ёшлар эгаллади.
Ғолибларга кубоклар, фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур мусобақалар жисмоний саломатлик ва самимий дўстлик рамзи сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати