Сурхондарёда ўтказилаётган “Келажак сари” профилактик тадбирининг навбатдаги босқичида иштирокчилар спортчилар билан учрашишди
2024-11-05 09:00:00 / Янгиликлар
Хабарингиз бор, Сурхондарё вилояти ҳудудида яшовчи 10 нафар 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил, тарбияси оғир, бўлган ва салбий хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун профилактик ҳисобга олинган ёшлар (қизлар) ўртасида келгусида ўтказилаётган ҳуқуқбузарликларни содир этишларини ёхуд ўзлари ҳуқуқбузарлик ва жиноят қурбонига айланишларини олдини олишга қаратилган “Келажак сари” профилактик тадбири ўтказилиши давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган қизлар ўртасида ўтказилаётган “Келажак сари” профилактик тадбирининг саккизинчи ва тўққизинчи кунлари тадбир иштирокчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини олиб бориш ва унга амал қилиш, спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида, юртимиздаги Олимпия чемпионлари ва ички ишлар органларидаги спортчилар билан давра суҳбатларини ўтказилиб, спортчилар томонидан мастер класс машғулотлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, дам олиш кунларида турли хилдаги маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази тарбиячиси катта сержант Сафарова Сарвиноз томонидан “Бир бўлсак ягона халқимиз, бирлашсак-Ватанмиз!” шиори остида расм чизиш машғулотлари ўтказилди.
Дам олиш кунининг иккинчи ярмида ёшларни ёт ғоялардан асраш мақсадида “Тинчлик қадри” номли видео ролик намойиш қилиниб, бу орқали оммавий маданият, турли хилдаги салбий оқимлар таъсирига тушган ёшларнинг аянчли қисмати, уларга қўйилган чеклов ва жазолар ҳақида тушунчалар берилди.
Кузги таътилнинг биринчи кунидан болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида, инглиз ва рус тили тўгараклари марказнинг ўзида ташкиллаштирилиб, сўзлашув нутқи бўйича ўқув-дарслари ташкиллаштирилди.
“Келажак сари” профилактик тадбири давом эттирилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати