Ёшлар — келажак бунёдкори. Истиқбол остонаси
2024-11-03 18:00:00 / Янгиликлар
Ёшлик инсон умрининг орзу-мақсадларга, интилишларга қанот бўлгувчи истиқбол остонасидир. Орамизда бу ақидани ҳаётининг бош шиорига айлантирган ёшлар жуда кўп. ИИВ Академиясининг 3-босқич курсанти Абдуқодир Зокиров ҳам шундай интилувчан ёшлардан бири.
Абдуқодир бир куни, ойи-жон, бугун мактабимизда ички ишлар органлари ходимлари билан учрашув бўлди, дея кириб келди, — дейди Шаҳноза Содиқова.
Ўғлимнинг болалигидан тиришқоқ, аммо шу кунгача унинг сўзларида бу қадар ҳаяжон, кўзларида бошқача бир ҳавасни кўрмаган эдим. Кейинчалик Юнусобод туманидаги ўғлим ўқийдиган 273-мактаб ички ишлар вазирлиги оталиғида эканлигини, унда ходимлар ташаббуси билан тез-тез турли тадбирлар, учрашувлар ўтказилишидан хабардор бўлдим.
Шундагина ўғлимнинг қизиқишлари бежиз эмаслигини тушундим. Кунларнинг бирида у дадасига ҳам “Мен ички ишлар ходими бўламан”, дебди. Биз фарзандимизнинг бу қароридан фақат хурсанд бўлдик. Уни қўллаб-қувватладик.
Абдуқодир дастлаб мактабда, кейинчалик ИИВ 1-сонли Тошкент академик лицейида ҳам тенгдошлари орасида биринчилардан бўлишга интилди.
Фарзандидаги иштиёқни кўрган Баҳодир ака ҳамда Шаҳноза опа уни мақсадлари йўлида собитқадам бўлишга ундади. Бунинг самараси ўлароқ, лавҳамиз қаҳрамони академик лицей ўқувчилигидаёқ ички ишлар вазири стипендияси соҳиби бўлди.
Ушбу таълим муассасасини имтиёзли диплом билан тамомлаб, ИИВ Академиясига ўқишга кирди. Меҳр қўйган соҳага оид билимларни мукаммал ўзлаштиришга астойдил киришган Абдуқодир бу даргоҳда ҳам иқтидорли курсантлар сафига қўшилди. Иккинчи курсда “Академия аълочиси” кўкрак нишонини қўлга киритди.
Шу ўринда таълим муассасаси раҳбарияти томонидан унинг ота-онасига миннатдорлик хати, ташаккурномалар юборилганини таъкидлаш жоиз.
Эртанги аниқ мақсадлари йўлида қадамлари дадил курсант халқаро миқёсидаги синовларда ҳам яхши натижаларга эришиб улгурган.
Хусусан, у 2023 йилда “Россия мундири тарихи” онлайн халқаро олимпиадасида учинчи даражали диплом, жорий йилда “Жиноят қонунчилиги муаммолари” онлайн халқаро олимпиадасида, “илмий-тадқиқот ишлари ва лойиҳалари” онлайн халқаро танловида иккинчи даражали диплом билан тақдирланган.
“Электрон таълим ресурслари (ЭТР)ни қўллаш бўйича педагогик маҳорат халқаро танлови” онлайн халқаро мусобақада эса биринчи даражали дипломни қўлга киритди.
Шунингдек, ўқишдаги ютуқлари ва ижобий фазилатлари билан тенгдошларига намуна кўрсатгани учун “Жалолиддин Мангуберди” номидаги стипендия соҳиби бўлди.
Ўз она тилимдан ташқари инглиз, рус, Беларусь, украин тилларини ҳам яхши биламан, -дейди Абдуқодир. — Бу менга зарур бил имларни янада яхшироқ ўзлаштиришда қўл келади. Тўғри, тил ўрганиш қийин.
Аммо инсон ҳеч бир даражага осонгина эриша олмайди. Ўз устида ишлаш, ўқиб ўрганиш, сабр, ирода билан ҳаракат қилиш яхши натижаларга етаклайди, албатта. Бунда устозларимдан олган билимлар ҳам ниҳоятда қимматли эканлигини айтиб ўтишим керак.
Келгусида ўқишни магистратура босқичида давом эттириб, жиноят ҳуқуқи йўналишида илмий иш қилиш ниятидаман.
Инсоннинг имкониятлари беҳад кенг. Фақат бу имкониятлардан тўла фойдаланилганидагина иқтидору истеъдод юзага чиқади. Тенгқурларига ўрнак бўлиб, кўнглига туккан мақсадлари ёлида дадил одимлаётган Абдуқодир Зокиров ҳам бугун ушбу ҳақиқатни исботлаётганига шубҳамиз йўқ.
©️ “Postda” газетаси, Гулноза Турғунбоева.