Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Газли шаҳарчасида ўрганишлар олиб борди
2024-11-03 09:00:00 / Янгиликлар
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Бухоро вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири бўлган Газли шаҳарчасида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини оширишга доир ўрганишлар олиб борди.
Ромитан тумани марказидан 100 км. узоқликда жойлашган Газли шаҳарчасининг Газли, Байналмилал ва Қизилравот маҳаллаларида жами 6826 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Марказдан узоқда жойлашган, криминоген вазияти бир мунча оғир ҳисобланган ушбу ҳудуддаги ўрганишлар доирасида бошқарма бошлиғи дастлаб 1-сон Ички ишлар бўлинмасига ташриф буюрди.
Бу ерда бошқарма бошлиғи энг аввало шахсий таркибга яратиб берилган меҳнат шароитларини яқиндан ўрганди. Бунда хизмат хоналарида мавжуд жиҳозлар ҳамда моддий техника таъминотининг аҳволи кўздан кечирилди.
Шунингдек, ходимларнинг иш дафтарлари, юритувидаги ҳужжатлар ва бошқа зарурий ҳолатлар бирма-бир кўрикдан ўтказилиб, хизмат ва ижро интизоми, назорат карточкалари ва уларнинг ижроси, профилактик ҳисоб йиғма жилдларининг юритилиши ҳам тафтишдан ўтказилди.
Ўрганиш давомида аниқланган бир қатор хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан туман Ички ишлар бўлими ва 1-сон-Ички ишлар бўлинмаси раҳбариятига аниқ ва манзилли топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Газли шаҳри ҳудудидан А-380 халқаро автомобиль йўли ўтган бўлиб, бу йўналишда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда.
Мониторинг натижаларига кўра, мазкур ҳудудда содир этилаётган одамлар ўлими ҳамда тан жароҳати билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари асосан ҳайдовчиларнинг узоқ йўлда чарчаб, ҳаракат вақтида ухлаб қолиши ҳамда бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетиши натижасида содир бўлмоқда.
Ҳозирги кунда ушбу А-380 халқаро автомобиль йўлининг Газли шаҳри ҳудудидан ўтган қисмида жами 4 та ЙПХ кўчма постлари ташкил қилинган бўлиб, ушбу постларда Йўл патруль хизмати ходимларининг бошқа соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда туну-кун хизмат олиб боришлари йўлга қўйилган.
Постларнинг асосий вазифаси йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш, узоқ йўл босиб келаётган ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида уларни тўхтатиб, бир оз дам олишлари учун имкон бериш, турли машқларни бажартириб, сўнгра йўлида давом этишларига рухсат беришдан иборат.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўрганишлари доирасида ушбу постлардаги ходимларнинг хизмат жараёнларини ҳам ўрганди.
Ўрганишлар давомида бошқарма бошлиғи ходимларга жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасидаги ишларни янада кучайтириш юзасидан ўзининг бир қатор тавсияларини айтиб, мутасадди раҳбарларга манзилли кўрсатмалар берди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати