Соҳа фидойиси. Хато қилмоқ бордир, тузатмаслик ордир
2024-11-01 21:00:00 / Янгиликлар
Нурота туманининг “Бўдиқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Толиб ака (исми ўзгартирилди) бир неча бор ўғрилик жинояти содир этгани сабаб озодликдан маҳрум этилган эди.
Суд унинг оиласида ягона боқувчилигини ҳисобга олиб, хатосини тузатишга имкон берди. Жазосининг ўталмай қолган қисми ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди.
У бу гал ҳам қилмишидан тегишли хулоса чиқармай, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этмай, Тошкент шаҳрига кетиб қолди. Туман ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи катта инспектори, майор Ўткир Файзиев Толиб аканинг оила аъзоларига унга нисбатан қидирув эълон қилинса, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинишини тушунтирди.
Эртаси куни Ўткир Файзиевнинг олдига профилактик суҳбатга келган Толиб ака Тошкентга иш излаб кетганини рўкач қилди. Инспектор уни қаттиқ огоҳлантириб, шу куниёқ тумандаги эшик-ром ишлаб чиқариш цехига ишга жойлаштирди.
Толиб ака мана 6 ойдирки, ҳалол меҳнати ортидан рўзғор тебратяпти. У қилмишидан пушаймонлигини, инспектордан миннатдорлигини бот-бот такрорлайди.
Майор Ўткир Файзиев Пробация гуруҳи ҳисобидаги шахсларни одатий соғлом ҳаётга қайтаришда доимо ҳамкорлар ва мутасаддилар кўмагидан фойдаланади.
У маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик, тадбиркорлар билан биргаликда маҳкумларнинг муаммоларини ўрганиб ҳал этади, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатади.
Айни пайтда туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида 223 нафар шахс бўлиб, уларнинг 10 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Жорий йилда аёлларнинг 9 нафари иш билан таъминланди.
Жумладан, Сабина Нурмуҳаммедова сунъий гул ясаш ва безак бериш ҳунарига ўқитилди. Дилсора Неъматовага субсидия асосида тикув машинаси берилди. Феруза Эркинова эса новвой-хонада ишламоқда.
Асосий вазифамиз — назоратдаги шахсларни нафақат белгиланган тартиб-қоида ва чекловларга риоя этишини, балки қайта жиноят содир этмаслигини таъминлаш, уларга ҳаётда ўз ўрнини топишида амалий ёрдам кўрсатиш.
Зеро, юртимизда инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун, -дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Майор Ўткир Файзиевнинг саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда.
Жорий йилда хатосини англаб, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, қатъий тузалиш йўлига ўтган 46 нафар шахснинг пробация назоратидан чиқарилгани фикримизнинг тасдиғидир.
©️ “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.