Янги Ўзбекистон — Янги ички ишлар органлари. Шароитлар хорижникидан қолишмайди
2024-11-01 08:00:00 / Янгиликлар
Маълумки, тезкор ва криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш учун куч ва воситаларнинг ўз вақтида жалб қилиниши жиноятларни «иссиқ изида» фош этиш ёки барвақт олдини олиш имконини беради. Ички ишлар органлари тезкор бошқарув маркази субъектларининг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборатдир.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг Тезкор бошқарув марказига 35 хил турдаги база ва 2500 га яқин кузатув камералари интеграция қилиниб, унинг негизида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, шунингдек, манфаатдор ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. «102» ҳамда фавқулодда шошилинч хизматларнинг хабарлашув тизимлари мувофиқлаштириб борилмоқда.
Энг сўнгги ускуналар билан жиҳозланган мажмуа «Геоинформацион электрон харита» дастури асосида ишлайди. Тизим вилоятдаги кўча ва жамоат жойларида хизмат олиб бораётган ходимларни онлайн кузатиш, ҳодиса жойига қисқа муддатда етиб бориш имконини беради.
— Гумонланувчи шахс-лар, қидирувдаги жиноятчилар, ўғирланган буюмлар ва олиб қочилган транспорт воситаларини, қаровсиз қолдирилган шубҳали нарсаларни, фавқулодда вазиятлар ва ҳаёт маромини таъминловчи муҳим инфратузилма объектларига таҳдидларни аниқлашда марказнинг ўрни ғоятда муҳим, — дейди Тезкор бошқарув маркази ходими, майор Феруз Худайбердиев.
Тизим «хавфсиз шаҳар», «хавфсиз маҳалла» мақсадларини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлашда муҳим ўрин тутмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда 43 нафар қидирувдаги, пробация назоратида бўлишига қарамай, амалдаги тартибга риоя қилмаган 158 нафар шахс қайд қилинган.
Аброр ПОЁНОВ, ўз мухбиримиз. Тошкент вилояти.