Йилнинг энг яхши терговчилари
2024-10-28 21:00:00 / Янгиликлар
Ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ходимлари ўртасида “Энг яхши терговчи” ва “Энг яхши тергов жамоаси” номинацияларининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Унда 45 нафар жойлардаги ғолиб ва совриндорлар қатнашди. Иштирокчиларнинг жисмоний, касбий, жанговар тайёргарликларини ҳамда интеллектуал ва психологик хусусиятлари синовдан ўтказилиб, ҳар бири алоҳида баҳоланиб борилди.
Танлов якуни бўйича иштирокчилар тўплаган баллар ва ўтказилган суҳбат натижалари инобатга олиниб, тажрибали ҳакамлар томонидан ғолиблар аниқланди.
Вазирликнинг мажлислар залида бўлиб ўтган “Энг яхши терговчи” номинацияси бўйича республика босқичи совриндорларини тантанали тақдирлаш маросимида ички ишлар вазирининг ўринбосари -Тергов департаменти бошлиғи, полковник Р.А.Ашропов иштирок этди ва ғолиб ҳамда совриндорларни қутлади.
“Энг яхши жамоа” номинациясининг республика босқичида: 3-ўрин Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жамоаси-га, 2-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жамоасига ва фахрли 1-ўрин Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жамоасига насиб қилди. Ғолиб жамоалар диплом, моноблок ва бир йўла тўланадиган пул билан мукофотланди.
“Энг яхши терговчи” номинациясининг республика финал босқичида: 3-ўринни Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Муяссар Файзуллаева, 2-ўринни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Рустам Норматов қўлга киритди.
Фахрли 1-ўринни эгаллаган Хоразм вилояти Хива тумани ИИБ Ҳузуридаги Тергов гуруҳи суриштирувчиси капитан Жалолбек Жуманиязов кўрик-танловнинг мутлақ ғолиби деб топилди.
Ғолиблар диплом, ҳар ойлик пул таъминотининг 10, 20, 50 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, кўрик-танловдаги фаол иштироки учун вазир ўринбосарининг фахрий ёрлиғи билан ҳам бир нечта иштирокчилар тақдирланди.
Мен ниҳоятда ҳаяжондаман. Фаолиятимиз давомида олган билим ва тажрибаларимизни нуфузли ҳакамлар олдида намойиш этишнинг масъулияти жуда катта экан.
Шундай бўлсада ғолиб бўлганимдан жудаям хурсандман. Кўрик-танлов эсда қоларли бўлди. Бу танловдан мен кўп сабоқ олдим. Дўстларим янада кўпайди.
Айниқса, Ўзбек миллий драма театрида намойиш этилган жадид боболаримиз ҳаётини акс эттирувчи “Чўлпон” спектакли менда катта таассурот қолдирди, — дейди танловнинг “Энг яхши терговчи” номинациясининг 3-ўрин соҳиби катта лейтенант Муяссар Файзуллаева.
©️ “Postda” газетаси, Абу Кенжаев, Икром Ҳасанов.