Ҳалолликни шиор қилган ходимлар: Тушунтиришлар фойда бермади
2024-10-24 07:40:00 / Янгиликлар
Пойтахтимизнинг Учтепа туманида хизмат олиб бораётган туман ИИОФМБ ЖТСБ саф бўлинмалари ППХ 1-отряд ППХ инспекторлари, кичик сержант Гўзал Саидова ҳамда сафдор Бекзод Қўчқоров шубҳали кўринган шахсни текшириш учун ёнига боришади.
Ўзларини таништирганидан сўнг, ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини сўрашади. Саросимага тушиб қолган фуқаро ўзининг исм-шарифини бири тоғдан, бири боғдан сўзлай бошлайди. Шундан сўнг ходимлар уни холислар иштирокида текшириб кўришади. Фуқаронинг ёнидан 10 дона «Зардекс» номли инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи психотроп модда ва тамаки қутисига жойланган яшил рангли, ўткир ҳидли гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ИИОФМБ 4-сонли ИИБга топширилган. Ушбу шахсга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётган вақтда, у ўзини жавобгарликка тортилмаслик эвазига Жиноят қидирув бўлинмаси тезкор вакили, майор Абдумажид Назаров, кичик сержант Гўзал Саидова ҳамда сафдор Бекзод Қўчқоровга 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида таклиф қилган.
Ходимлар бундай қилмиши қонунга зид эканлиги, бир жиноят устига иккинчи жиноят томон қадам босаётганини ҳарчанд тушунтиришга ҳаракат қилишмасин, «Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади» деганларидек у айбини яшириш учун ходимларга такрор ва такрор пул таклиф қилишда давом этади.
Ушбу шахсни тўғри йўлга солишнинг иложи қолмаганидан сўнг, осойишталик посбонлари мазкур ҳолат юзасидан раҳбариятга билдирги орқали ахборот беришади. Ўтказилган махсус тадбир давомида фуқаро Ш.Ж. пора бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олиниб, унга нисбатан Учтепа туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.