Жиззах вилояти Зомин туманида ички ишлар бошқармасининг янги туризм объекти фойдаланишга топширилди
2024-10-19 09:50:00 / Янгиликлар
Жиззах вилоятининг сўлим Зомин туманида туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида 2023 йилда Зомин тумани ИИБ тузилмасида Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлими ташкил қилинган. “Зомин” туристик рекреацион зонаси ҳудудида ушбу хизмат ходимлари учун янгидан маъмурий бино бунёд этилди. Ушбу бинонинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Хавфсиз туризм бошқармаси бошлиғи, подполковник Нодир Одиловлар иштирок этдилар.
Тадбирда ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов ва Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировлар сўзга чиқиб, сайёҳлик хизматларини ташкил этишда туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритишди. Шундан сўнг рамзий боғич қирқилиб, тадбир қатнашчилари маъмурий бинода соҳа ходимлари учун қурилган хизмат хоналари ва ундаги қулайликларни кўздан кечирдилар.
Ҳозирги кунда Зомин туманида 150 га яқин музей, археология, архитектура, монументал санъат ёдгорликлари, маданий мерос объектлари, эко-агротуризм каби туристик инфратузилма объектлари мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудуднинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган бир қатор чора-тадбирлар натижасида вилоятга, айниқса Зомин туманига келаётган хорижий ва маҳаллий туристларнинг салмоғи ортиб бормоқда.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти