Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан ходимларнинг тунги фаолияти ўрганилди
2024-10-11 13:10:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан куну-тун олиб борилаётган хизмат бошқарма раҳбарияти томонидан мунтазам равишда ўрганиб борилмоқда.
Полковник Шухрат Алиев бошқарма бошлиғи ўринбосарлари ва бошқа масъул раҳбарлар билан биргаликда Поп тумани ИИБ ҳамда “Пунгон — Наманган” автомобиль йўлида тунги хизмат олиб бораётган ходимларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Дастлаб, Поп тумани ИИБ Навбатчилик қисми, сўровхона ва вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти кўрилиб, масъул ходимларга тунги хизматга жалб этилган ходимларни доимий назорат қилиб бориш, ҳудуддаги криминоген вазиятдан хабардор бўлиш, келиб тушаётган хабар ва мурожаатларни зудликда ижрога қаратиш ва бошқа масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шундан сўнг, “Пунгон — Наманган” йўлининг 14, 20 ва 55 км.ларида ташкил этилган “Ҳушёрлик масканлари” фаолияти билан ҳам танишилиб, йўл патруль хизмати ходимлари ва ҳайдовчиларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Шу билан бирга, масканда хизмат қилаётган ходимларга тунги вақтда шахсий хавфсизликни таъминланган ҳолда йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ҳамда ҳайдовчиларни ҳушёрлигини ошириш юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати