Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Миробод туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди
2024-10-11 12:30:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Тошкент шаҳри Миробод туманида бўлиб, сектор раҳбарлари ҳамда идоралараро тезкор штаб ишчи гуруҳи аъзолари билан маҳаллалар кесимида ўрганиш ишларини олиб борди. Асосий эътибор ҳудудлардаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва бу борада амалга оширилаётган ишларга қаратилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари дастлаб тумандаги “Толариқ” ва “Иноқобод” маҳалласига бориб, аҳоли турмуш-тарзини яхшилаш мақсадида ўтказилаётган юқори кучланишдаги электр кабелларнинг монтаж ишлари жараёни билан танишди. Шунингдек, 489-сонли МТТ муассасасида бўлиб, у ердаги иситиш тизими созлигини ҳам кўздан кечирди.
Сайловга муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш мақсадида жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан батафсил танишди.
Навбатдаги манзил Қўйлиқ 2-даҳасидаги “Dobus kommunal” МЧЖ бўлди. Генерал-майор Бекмурод Абдуллаев масъулларнинг коммунал хизматларни узлуксиз таъминлаш бўйича олиб бораётган ишлари юзасидан ахборотларини тинглаб, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича уларга тегишли кўрсатмалар берди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати