Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов иштирокида Фарғона давлат университетида учрашув ўтказилди
2024-10-06 10:00:00 / Янгиликлар
Аввал хабар қилганимиздек, Фарғона вилояти ҳокими томонидан тасдиқланган режа-жадвалга асосан октябр ойида “Долзарб ойлик” ўтказилиб, гиёҳвандлик иллатига қарши кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиляпти.
Ана шундай тадбирлардан бири вилоятимизнинг энг катта олийгоҳи – Фарғона давлат университетида ҳам юқори савияда ўтказилди.
Ўзбекистон Республикасида Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия ижроси доирасида ташкилланган анжуманда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов, Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммедов ҳамда тегишли мутасадди раҳбарлар иштирок этиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Учрашувда қайд этилганидек, гиёҳвандлик иллати инсоният бошига жуда кўп кулфатларни солиб, ёшларни тўғри йўлдан оздиради.
Бу иллат исканжасига тушган ғўр ёшлар ҳеч нарсадан тап тортмай, ҳатто жиноятга қўл уриши ҳам мумкин.
Шу боис гиёҳвандлик балосига қарши курашишни умуммиллий ҳаракатларга айлантириш, бу борадаги ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини янада ошириш, бундай жиноятга қўл урган шахсларга эса жазо муқаррарлигини қатъий таъминлаш зарур.
Олийгоҳ профессор ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар жамланган мазкур учрашувда салбий иллатларга қарши биргаликда, аҳил ва ҳамжиҳат кураш олиб боришга кераклиги қайд этилди.
Мавзу юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Фарғона вилоят ИИБ Ахборот хизмати