Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Бектемир туманида ўрганиш ишларини олиб борди
2024-10-06 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Бектемир туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Хусусан, “Профи” университетида ташкил этилган сайлов участкасига борди. Сайловга муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш мақсадида жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан батафсил танишди.
Навбатдаги манзил “Бектемиртумангаз” газ таъминоти бўлими ҳамда “Тошиссиқсувқуввати” Бектемир тумани бошқармаси бўлди. Генерал майор Бекмурод Абдуллаев аҳолини куз-қиш мавсумида газ, иссиқлик ва ичимлик суви ҳамда электр таъминот билан узлуксиз таъминлаш борасидаги ишларни ўрганиб, масъулларга тегишли кўрсатмаларни таъкидлаб ўтди.
Тумандаги “Роҳат” ҳамда Зилола” маҳалласи ҳам эътибордан четда қолмади. Ички ишлар вазири ўринбосари ушбу ҳудудлардаги маҳалла гузарлари ва болалар майдончаларини кўздан кечириб, кўчаларда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Шунингдек, 69-сонли оилавий поликлиниканинг янги биноси қурилиши жараёнларини ўрганиб, белгиланган ишларни сифатли ва ўз муддатида якунлаш бўйича тавсиялар берди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати