Ёшлар — келажак бунёдкори. Уқуви бор улғаяр
2024-08-30 22:00:00 / Янгиликлар
Халқимизда уқувлининг иши жойида, уқувсизнинг иши даргойида, деган нақл бор. Инсон қайси касбни танламасин, ўз ишини меҳр билан бажарса, аста-секин бажараётган иши самарали бўлиб, раҳмат ва рағбатлардан касбига қизиқиши кундан-кун ортаверади.
Шундай интилувчан йигитлардан бири Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони инспектори, сафдор Фаррухжон Зариповдир. У ички ишлар органларидаги фаолиятини Ангор тумани ИИБда бошлаган. Хизматни ҳудуддаги аҳоли гавжум жойларда, бозорда ўтаган.
Асосан туман бозори ҳудудида содир этиладиган турли ўғирлик, безорилик, фирибгарлик каби жиноятларнинг олдини олиш, содир этилганларини фош этишда фаол иштирок этган.
Бозорда кунда-кунора ўғирлик содир бўлиб турарди, — деб эслайди Фаррухжон. — Ариза ёки мурожаат келиб тушиши биланоқ, ҳолатга аниқлик киритиш учун дастлаб кузатув камераларидаги ёзув тасмаларини кўздан кечирардик. Сўнгра номаълум фуқаронинг шахсини аниқлаш учун керакли материаллар тўпланарди.
Мазкур маълумот асосида гумонланувчи воқеа жойидан бўлимга олиб келинарди. Фаолиятим давомида 25 та ўғирлик жиноятини фош этишга кўмаклашдим.
Бунда замонавий ахборот технологияларига қизиқишим баланд бўлгани қўл келди. Шу соҳа сирларини пухта эгаллаш мақсадида ҳозирда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида сиртдан таҳсил оляпман.
Фаррухжон Зарипов топшириқларни ўз вақтида, виждонан, бекаму кўст адо этиши, тиришқоқлиги, интилувчан ва изланувчанлиги билан ҳамкасбларидан ажралиб туради.
Шунинг учун унга батальонда бодикамералар ва рацияларни тарқатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва техник ҳолатига қараб туриш вазифаси ҳам юклатилган.
Бугун у 2 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси. Хизмат тугаши билан уйга шошади. «Фарзандларимни кўришим билан бирпасда бутун чарчоқларимни унутаман. Оилам менга ҳамиша ишонч ва куч бағишлайди», дейди у.
©️ «Postda» газетаси, Феруза Раҳмонқулова, Сурхондарё вилояти.