Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз! Улуғ шодиёна нафаси
2024-08-26 07:10:00 / Янгиликлар
Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида улуғ шодиёна нафаси кезаётган айни кунларда мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Зеро, шу азиз Ватан, тинч, осойишта, жаннатмонанд диёрда ўзлигимиз тан олинган кунни эъзозлаш ҳар бир фуқаронинг фарзандлик бурчидир.
ИИВ Марказий поликлиникасида ҳам «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» шиори остида маърифий тадбир ташкил этилди. Унда ИИВ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси мутахассиси, юридик фанлар доктори Абдуғафур Саттаров, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаси аъзоси, тарғиботчи-маънавиятчи Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, ИИВ ММИ ва КБТД маънавият ва маърифат инспектори Зикрилла Неъматов иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар озод ва обод юртда яшаш саодат эканлиги, айниқса, мамлакатимизда юртбошимиз томонидан олиб борилаётган тинчлик сиёсати ва барча соҳалардаги ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Шунингдек, бугун бу янгиланишлар самарасини барча юртдошларимиз ўз кўзи билан кўриб, англаб, қалбан ҳис қилиб турганини ҳаётий мисолларда тилга олишди. Ижодкорлар она, Ватан, тинчлик, озодлик мавзусидаги ижод намуналаридан ўқиб беришди.
Маърифий кеча доирасида касбга садоқат, фидойилик намунасини кўрсатиб хизмат қилаётган, ўзининг инсоний фазилатлари билан жамоа ишончига сазовор бўлган бир гуруҳ тиббиёт ходимларига ИИВ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг китоблар жамланмаси ҳамда бошқа совғалар тақдим этилди.
- Ўн олти йилдирки, юртимиз тинчлик-осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ходимларимизнинг саломатлигини сақлашдек шарафли ишга ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан, — дейди ИИВ Марказий поликлиникаси терапия бўлинмаси шохобча шифокори, олий тоифали шифокор Феруза Карабаева. — Бугунги тадбирда китоблар жамланмаси билан тақдирланганимдан хурсандман. Китоб инсон учун бебаҳо билимлар манбайидир. Китобни, илмни қадрлаган инсон кам бўлмайди. Барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами билан табриклайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА, ўз мухбиримиз.