Янги Ўзбекистон — Янги ички ишлар органлари. Ўз уйингга не етсин
2024-08-15 20:10:00 / Янгиликлар
Мамлакатимизда «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» ғояси энг устувор вазифалардан бири. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан пойдевори қўйилаётган Янги Ўзбекистон даврида бу янада ўз исботини топаётганини кўрмоқдамиз. Хусусан, ички ишлар органлари тубдан ислоҳ қилиниб, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб иш ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам эътироф этиш лозим.
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ ЖТСБ ППХ отряди инспектори, катта сержант Давлат Бозорбоев 15 йилдан буён соҳада фаолият юритиб келади. Дастлабки хизматини туман ИИБ ЁХБда бошлаган. Кейинчалик ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларини тугатиб, қўриқлаш, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишида фаолиятини давом эттирди.
Ички ишлар органлари ходимларини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш, ўз навбатида, уларни имтиёзли уй-жойлар билан таъминлаш ҳамда уларнинг турмуш шароитини яхшилаш бўйича бир қанча дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг исботи сифатида яқинда Мирзо Улуғбек туманида ички ишлар органлари ходимларига имтиёзли равишда янги хонадонлар берилди. Мана шундай бахтга катта сержант Давлат Бозорбоев ҳам сазовор бўлди. Ходим шу кунгача турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан ижарада яшарди. Албатта, уйма-уй кўчганида, у ёқдан-бу ёққа сарсон бўлиб юрган пайтларда бирмунча қийинчиликларга дуч келарди. Бу эса хизмат сифатига ҳам таъсир кўрсатиши табиий. Мана, энди оила янги уй-жойга эга бўлди. Хонадон хизмат жойидан унча узоқ эмас. Ходим эса хотиржам ўз вазифасини бажаради.
- Турмуш ўртоғимга хизмат жойидан уй-жой берилиши биз учун кутилмаган янгилик бўлди, — дейди Д. Бозорбоевнинг аёли Василахон. — Айниқса, фарзандларимизнинг қувончи ичига сиғмайди. Бундай ғамхўрлик учун Президентимизга ва Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Шунингдек, уйимизни кўркам ва шинам қилиб бунёд этган қурувчиларга ҳам қўлингиз дард кўрмасин, деймиз.
Ички ишлар органлари ходимлари учун амалга оширилаётган бу каби ижтимоий қўллаб-қувватлаш уларнинг ўз вазифасига сидқидилдан ёндашишда ҳамда она Ватанга янада садоқат билан хизмат қилишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.