Ёшлар — келажагимиз. Дунё кезавер Ўзбегим!
2024-08-12 18:00:00 / Янгиликлар
Сафдор Муроджон Бозоров бир неча йилдан буён Сирдарё тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида хизмат қилади. Бу ерга кунига ўнлаб фуқаролар ташриф буюради. Улар шунчаки ҳужжат алмаштириш ташвиши билан келсада, орзу-умидлари, ҳаёти, турмуш тарзи ўзгараётганини ҳис қилиш қийин эмас.
Ўн етти ёшли мана бу қиз Чолтўқайдан. У хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи паспорт олиш учун келган. Маълум бўлишича, IELTS-дан юқори балл тўплагани боис кўплаб университетлар унга грант ажратишини маълум қилган.
Қиз Италиянинг Милан шаҳридаги университетни танлабди. Муроджон унга чин дилдан ҳавас қилди. Қизни суратга олиб, биометрик маълумотларини тизимга жойлади. Уч-тўрт кун ичида ҳужжат тайёр бўлишини айтди.
Бу эр-хотин эса Қамаристондан. Улар бизнес билан шуғулланишларини айтишди. Икки нафар фарзандини ҳам етаклаб келишган. Бири ўн ёш, иккинчиси тўрт ёш. Оилавий чет элга, дам олишга кетишаётган экан.
Шунинг учун барчасига паспорт расмийлаштириш тақозо этиларди. Жараёнлар ниҳоясига етгач, оила мамнун ҳолда у билан хайрлашди.
Шундай пайтларда сафдор Муроджон Бозоров ич-ичидан севинади. Ахир, етти-саккиз йил олдин хориж эшиклари бу қадар очилмаган, одамлар сайёҳлик, таълим олиш учун четга чиқиш имкониятига бу қадар эга эмас эдида.
Шу боис Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими сифатида чексиз фахр ҳисси туйди…
©️ «Postda» газетаси, Сирдарё вилояти.