Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи иштирокида Қарши туманида йиғилиш бўлиб ўтди ҳамда жиноятларни фош этишда ахборот технологияларидан фойдаланиш ишлари ўрганилди
2024-08-08 10:45:00 / Янгиликлар
Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов иштирокида Қарши туманида криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, содир этилганларини фош этиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ўтган даврда амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, Қарши туман секторлар раҳбарлари, шахсий таркиб иштирок этди.
Йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғи туманда жиноятларни барвақт аниқлаб олдини олиш, бозорлар, умумий овқатланиш жойлари ва унинг атрофида қонунбузарликларга барҳам бериш борасида бажарилган ишларни атрофлича муҳокама қилди. Туманда жиноятларни олдини олишда ички ишлар органлари ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда назорат-кузатув ишларини кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
Туманга кириш-чиқиш, марказий чорраҳалари, бозорлар ва аҳоли гавжум тўпланадиган масканларида видеокамералар ўрнатилиб, ишчи ҳолатга келтирилиб, ИИБ ситуацион марказига уланганини қайд этди.
Масъулларга тумандаги криминоген вазияти оғир масканлар, жиноят ўчоқлари ҳақида харитали тақдимот намойиш этилиб, бу жойларга ҳам видеокамера ўрнатиш ишларини яна босқичма-босқич давом эттириш, хавфсизликни таъминлаш борасида тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Ички ишлар органлари ходимлари фаолият давомида хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиши, фуқаролар билан хушмуомала бўлиб, коррупцион ҳолатларга муросасиз руҳда иш юритиши лозимлиги хусусида шахсий таркибга йўриқнома ва тавсиялар берди.
Якунда ташкилий масала — Қарши туман ИИБ бошлиғи лавозимига подполковник Нурбек Сафаров тайинланди.
Шундан сўнг, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов Қарши туман ҳокими Зойир Алиқулов ҳамроҳлигида туманда криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, содир этилганларини фош этишда ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганди.
Вилоят 3-сектор раҳбари ўрганишлар давомида жиноятларни барвақт аниқлаб олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида беминнат хизмат қилаётган туманга кириш-чиқиш, марказий чорраҳалари, бозорлар ва аҳоли гавжум тўпланадиган умумий овқатланиш жойлари ва унинг атрофида ўрнатилган видеокамераларнинг ишлаш жараёни, ИИБ ситуацион марказига уланганини кўздан кечиришди. Бундай имкониятлар натижасида жиноятлар салмоғи камайгани қайд этилди.
Туман секторлар раҳбарларига жиноят ўчоқларида қонунбузарликларни олдини олиш учун босқичма-босқич видеокамера ўрнатиш ишларини жадаллаштириш борасида тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати