Навоий вилоятида мавжуд жойлаштириш воситаларида қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида семинар бўлиб ўтди
2024-08-06 12:00:00 / Янгиликлар

Навоий вилоятидаги жойлаштириш воситаларига ташриф буюрган меҳмонларни «E-mehmon» электрон дастурига киритиб боришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳамда қонунбузарлик қоидаларининг олдини олиш мақсадида Навоий вилояти Давлат Хавфсизлик хизмати бошқармаси, Навоий вилояти Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва вилоят Туризм бошқармаси билан ҳамкорликда семинар ташкил этилди.
Семинарда сўзга чиққанлар бугунги кунда вилоятда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар, туризм соҳасида қабул қилинган янги қарор ва фармонлар моҳияти юзасидан маъруза қилди.
Тадбиркорлик субъектларига берилган кенг кўламли имтиёзларга қарамасдан улар томонидан бир қанча қонунбузарлик ҳолатлари кузатилмоқда. Жумладан, маиший хизматлари бўйича туризм фаолиятини амалга оширишда белгиланган тартибда тегишли сертификатлар олмасдан иш юритиш, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинмасдан истиқомат қилиш каби ҳолатлар учрамоқда. Уларни олдини олиш бўйича ўтказилган йиғилишда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси масъуллари сўзга чиқиб, «E-mehmon» автоматлаштирилган дастур фаолияти, чет эл фуқароларини ушбу дастур ёрдамида рўйхатга олиш, жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг белгиланган тартибда сертификатлаш бўйича тушунчалар берди.
Семинар сўнгида тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган таклифлар ва саволларга мутасадди ташкилот вакиллари томонидан тушунтириш бериб ўтилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати