Асосий контентга ўтиш

Яқин тарих саҳифаларида. Икки ўт орасида

2024-08-05 12:50:00 / Янгиликлар

«Пахта иши», «Ўзбек иши» ҳақида гап борганда, минглаб юртдошларимизнинг қийинчиликлар ва азоб-уқубатга тўла, руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ остидаги ҳаёти кўз ўнгимизда гавдаланади. Гарчи бу қатағондан жабр чекканларнинг кўпчилиги ҳозирги кунга келиб оламдан ўтган бўлса-да, уларнинг яқинлари ва фарзандлари машъум воқеаларни ҳеч қачон унутмайди. Мана шундай адолатсизликлардан жабр чекканлардан бири ўша йиллари Зарафшон шаҳар ИИБга раҳбарлик қилган Наби Раҳимовдир.

У 1934 йили Тожикистоннинг ҳозирги Суғд вилоятида дунёга келган. Ота-онаси ғоят маърифатли инсонлар бўлиб, фарзандларини ҳам билим олишга, китоб ўқишга қизиқтириб тарбиялашди. Наби Раҳимовнинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келди. Ижтимоий-моддий қийинчиликлар уни сабрли, чидамли бўлишга ўргатди.

Н. Раҳимов 1955 йили Панжикент педагогика билим юртини тамомлади. Унда болаларга билим бериш, уларни ортидан эргаштириш қобилияти кучли эди. Педагоглик билан шуғулланаётиб, кутилмаганда ички ишлар органлари соҳасига қизиқиб қолди. Билимли-заковатли, жисмонан бақувват, бўйчан ва шижоатга тўла бу ёш йигитни хизматга қабул қилишди.

1961 йилдан Тожикистоннинг Суғд вилояти Панжикент туманида участка нозири вазифасида тизимдаги фаолиятини бошлади. Кейинроқ Навоий вилоятининг Томди тумани ИИБ жиноят қидирув гуруҳида катта инспектор лавозимида хизматни давом эттирди.

1975 йилда ИИВ Тошкент олий милиция мактабини муваффақиятли якунлагач, интилувчанлиги туфайли Наби Раҳимовнинг лавозими ҳам, унвони ҳам ортиб бораверди. У 1985 йилгача Зарафшон шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борди. Ана шу даврда вилоят ИИБ раҳбари Тўра Ҳайитов устидан қўзғатилган жиноят иши бўйича терговга жалб этилди.

— Наби Раҳимовни 1979 йилда Зарафшон шаҳрида йўл-патруль хизмати инспектори вазифасида ишлаётган пайтимдан танирдим. У киши ўша пайтлар шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари эдилар. Кейинчалик Зарафшон шаҳар ИИБ раҳбари бўлдилар. Хизмат борасида қаттиққўл, талабчан бўлсалар-да, ҳар бир ходимдан ҳол сўраб, ғамхўрлик ҳам кўрсатардилар. Биз каби ёш ходимларга «ўғлим» деб мурожаат қилардилар.

Кейинчалик шахсий таркиб орасида «Подполковник Наби Раҳимовнинг қинғир ишлари бор экан», деган миш-мишлар тарқала бошлади. Баъзилар бир гапга ўнта қўшиб ғийбат қилсалар, уни яқиндан билганлар бу гаплар бўҳтон эканлигини сезиб, бош чайқаб қўйишарди. Аммо гдлянчиларга қарши чиқишга ҳеч кимнинг юраги бетламасди. Наби Раҳимовга бу кўргиликлар оғирлик қилди. Охири лавозимидан бўшатилганини, хаста ўлиб қолганини эшитдик, дейди истеъфодаги майор Замон Очилов.

Тергов жараёни бир неча йил давомида уйдирма ва туҳматларга тўла руҳ ий ҳамда жисмоний тазйиқлар остида кечди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, ҳатто Наби Раҳимов миллати тожик бўлгани учун камситилди ҳам. Оила аъзоларининг ҳам тинчи бузилди. Бундай бедодликлардан юрагини олдириб қўйган подполковник Наби Раҳимов навбатдаги унвонни олиш учун вилоят ИИБ бошлиғига пора берганлиги тўғрисида ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлди.

Отамнинг тушкунликда кечган 2-3 йиллик ҳаёти уни оғир хасталикка дучор қилди қандли диабет ва юрак етишмовчилиги касалликларига чалиниб қолди. Бу ўз навбатида оиламизнинг турмуш шароити оғирлашишига сабаб бўлди. Касалманд синглим Майяни ҳам ўз вақтида даволата олмадик. Гдлянчиларнинг қатағон сиёсати сабаб отамнинг кўнгли касбидан совиди. 1985 йил турли важлар билан лавозимидан озод этилганидан сўнг, бошқа соҳавий хизматларда фаолият олиб борди, дейди унинг ўғли Фарҳод Раҳимов.

Махсус комиссия томонидан Наби Раҳимовнинг иши қайта кўрилиб, адолатсизлик қурбони эканлиги тан олинганига қарамай, энди хасталик сабаб у хизматни давом эттиролмади. 1989 йилда касаллиги сабабли пенсияга чиққан Наби Раҳимов 1995 йил 6 апрель куни 61 ёшида вафот этди.

Маҳлиё Холова ўз мухбиримиз. «Постда»
Навоий вилояти

93

Охирги янгиланиш: 2024-08-05 12:42:50

Яқин тарих саҳифаларида. Икки ўт орасида