Мулоҳаза. Бир кунлик ҳашам машмашаси
2024-08-04 11:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг июнь ойида Кегейли туманида бўлиб ўтган никоҳ тўйида ёшларнинг бир нечта автомашинада тартибсиз ҳаракатланиб, пойга уюштиргани ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Бунинг натижасида бир нечта транспорт воситалари ўзаро тўқнашиб, таъмирталаб ҳолга келди. Бу ўз навбатида тармоқ фойдаланувчилари орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлиб, уларни ёқлаб чиққанлар ҳамда салбий фикр билдирганлар ўртасида тортишувларни келтириб чиқарди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда нафақат мазкур тўй, балки шунга ўхшаш баъзи оилавий тадбирлар, туғилган кун каби маросимларни дабдабабозлик ила ўтказиб, уни ижтимоий тармоқ орқали ўзгаларга кўз-кўз қилиш билан боғлиқ ҳолатларга тез-тез гувоҳ бўлмоқдамиз.
Айниқса, никоҳ тўйларидаги узундан-узун автомашиналар кортежи, «қиз олиб қочиш» маросими, тўй билан боғлиқ турли расм-русумлар, юбилейларни нишонлашда шов-шув қилиб, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўяётганларни бунга мисол қилишимиз мумкин.
Албатта, тўй халқимиз учун қувончли онлар нишонланадиган, яқинлар билан хурсандчиликни бўлишиш мақсадида қилинадиган маросим ҳисобланади.
Шу боис «йиққан-терганинг тўйга буюрсин» деган яхши ният билдирилади. Аммо, жамиятимизда унинг маъносини нотўғри талқин қилиб, хатога йўл қўяётган кишилар сони ортиб бораётгани ачинарли ҳолдир.
Айрим фуқаролар бир кунлик тўйга сарфланадиган катта харажатлар боис қарзга ботиб, қарзини узиш учун узоқ муддатга чет элга ишлагани кетаётганлиги, ҳаттоки ажримларга сабаб бўлаётганлиги ҳам сир эмас.
Бундан 100 йиллар илгари жадидлар ҳаракатининг кўзга кўринган вакилларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам «тўй ва таъзия сингари икки душманимиз оёғимизга тушов бўлиб турибди.
Унга сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф етсак, оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимизда, динимизда обрўй ва ривож топарди» дея таъкидлаган эди.
Бундан ташқари, Президентимиз 2017 йилда зиёлилар билан ўтказган учрашувида фуқаролар томонидан билдирилаётган кўплаб таклифлар қаторида, тўй-маъракаларни ихчамлаштириш бўйича қарор ишлаб чиқарилишини маълум қилганди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис палаталарининг 2019 йил 14 сентябрь куни қўшма қарори қабул қилиниб, ундан аниқ вазифа ва масалалар ўрин олди.
Тўғри, ўтган йиллар давомида қўшма қарор талабларини бажариш юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилди.
Аммо сўнгги пайтлар ижтимоий тармоқларда юқорида таъкидлаб ўтилганидек ҳолатларнинг содир бўлаётгани ушбу масаланинг бироз эътибордан четда қолаётганини англатади.
Шундай экан, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини яна қўлга олиш зарурияти юзага келади. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар органлари фахрийлари томонидан жойларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Нукус туманида яшовчи фахрийлар томонидан туман Халқ қабулхонаси, Нуронийлар кенгаши, ёши улуғ кишилар билан биргаликда илк бора «Дарсан» макон фуқаролар йиғинида учрашув ўтказилди.
Унда исрофгарчиликнинг олдини олиш, ортиқча тўй маросимларини қисқартириш, миллий урф-одатларимизга тўғри келмайдиган одатлардан воз кечиш, унга сарфланадиган харажатларни ёш оила заруриятига ишлатиш тўғри бўлиши каби масалалар муҳокама этилиб, маълум муддатдан сўнг унинг ижроси ўрганилди.
«Дарсан тажрибаси» тумандаги бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилмоқда. Бу ташаббусни кейинчалик Нукус тумани тажрибаси сифатида республикага намуна сифатида жорий этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиб борилмоқда. Ушбу чора-тадбиримизнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ҳам тўғри қабул қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, тўй берадиган ҳам, борадиган маросимлар кўпайиб кетди, дея айтиб юрганлар ҳам ўзимиз, айтганга қулоқ солмайди деётганларимиз эса ўз фарзандларимиз.
Агар қуда-анда, қариндошлар билан тўйларни ихчам ва камхарж қилиб ўтказишга келишсак, фарзандларимизга панду насиҳат билан тушунтира олсак, бизга уларни тартибга солиш учун алоҳида қарор ёки фармонни кутишга зарурат қолмайди.
©️ «Postda» газетаси, Қдирбой Гулманов, истеъфодаги подполковник.