Чекка ҳудудларда. Жамоат тартиби фидойилари
2024-07-26 13:00:00 / Янгиликлар

Ширин шаҳри Тожикистон билан чегарада, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ўзаро туташган ҳудудда жойлашган. Шу боис уни ўзига хос чорраҳа, дейиш мумкин. Шаҳар ИИБ ходимлари бу ҳолатни доим назарда тутишади.
Амир Темур номли маҳаллада номаълум шахс гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланаётгани ҳақида хабар олинди. Маҳалла профилактика инспекторига кўмакка юборилган тезкор гуруҳ тезда уни қўлга олди.
Гумонланувчининг ёнидан смоласимон модда топилди. Суриштирувлар натижасида ушбу шахс Ховос шаҳарчасида яшовчи 48 ёшли Н. бўлиб чиқди. У қорадори олди-сотдиси билан шуғулланаётганини тан олди.
Ширин — энергетиклар шаҳри. Яқинда шаҳарда хорижлик ишбилармонлар томонидан яна бир корхона — 1,5 мегаватт қувватдаги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.
Гап шундаки, янги корхона қурилишида минглаб қурувчилар фаолият кўрсатди. Уларнинг аксарияти маҳаллий ёшлар бўлса, айримлари Япония, Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг фуқаролари.
Шу боис ички ишлар органлари ходимларининг иши янада кўпайди. Биринчидан, четдан катта саъй-ҳаракатлар эвазига келтирилган қимматбаҳо ускуналар, жиҳозлар, қурилиш материалларининг талон-торожи, ўғирлигининг олдини олиш.
Иккинчидан, чет эл фуқароларининг мамлакатимизда бўлиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш.
Қайд этиш керакки, фидойи, тажрибали ходимлар ҳар икки вазифани ҳам муваффақиятли уддалашди. Қурилиш ишлари олиб борилган бир ярим йил давомида бирорта ўғрилик ҳолати содир этилишига йўл қўйилмади.
Шаҳарнинг турли мавзеларида вақтинчалик яшаётган юздан ортиқ чет эл фуқаролари томонидан ҳам қонун талаблари бузилмади. Аксинча, улар ички ишлар органлари ходимларининг профессионаллиги, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги, одамийлигини алоҳида эътироф этишди.
Қарийб икки йилдан бери мамлакатингиздаман, — дейди хитойлик Нгуен Вуй. — Маҳаллий «полиция» ходимлари менда катта таассурот қолдирди.
Вақтинча рўйхатдан ўтишимиз учун саноқли дақиқалар зарур бўлди, холос. Жамоат жойларида бўлишимиз, ишга бориш-келишимизда улар биз билан хушмуомалада бўлишди.
Яқинда Ширин шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги босқичига ўтилди. Шаҳарнинг барча мавзелари, аҳоли гавжум жойлари, йўлларини кузатиш имконини берувчи ўнлаб замонавий кузатув камералари ўрнатилди.
Шаҳар ИИБда ситуацион марказ ишга туширилди. Барча кузатув камералари интеграция қилинган ушбу марказ жамоат тартибини бузиш ҳолатини тезкор аниқлаш, қонунбузарликларни қайд этиш ва тезкор чора кўриш имконини бераётир.
©️ «Postda» газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.