Яқин тарих саҳифаларида. Иродадан яралган инсон
2024-07-17 15:00:00 / Янгиликлар
«Пахта иши», «Ўзбек иши» қатағонидан жабр кўрган ички ишлар органлари ходимларидан бири ҳозирда Хатирчи тумани «Дўстлик» маҳалласида истиқомат қилаётган истеъфодаги майор Тоҳир Солиевдир.
Лавҳамиз қаҳрамонининг отаси Салоҳиддин Солиев «Янгиработ» савдо уюшмасига раҳбарлик қиларди. Унинг вазифаси туман ҳудудидаги савдо дўконларини аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар билан таъминлашдан иборат эди. Бу инсон ўзининг ҳалоллиги сабаб бутун туман аҳлининг ҳурматини қозонганди.
Салоҳиддин ака ўзи ўқимишли бўлгани учун барча фарзандлари олий маълумотли бўлишини истарди. Шу сабабдан Тоҳиржон 1975 йилда ўрта мактабни аъло баҳоларга битиргач, Самарқанд давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олди.
У ички ишлар органларидаги илк хизмат фаолиятини 1981 йилда Хатирчи тумани ИИБ Паспорт бўлинмаси катта инспекторлигидан бошлади.
Қобилиятли, интилувчан бу йигит орадан бир йил ўтар-ўтмас жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи этиб тайинланди. У жиноятларни очишда яхши натижалар кўрсатгани учун фахрий ёрлиқ, пул мукофоти билан тақдирланди. Салоҳиддин ака ўғлининг эришаётган муваффақиятларидан ғурурланарди.
Афсуски, отанинг қувончи узоққа чўзилмади. 1986 йилда С. Солиев учун кўнгилсизликлар бошланди. Гдлян ва Иванов бошлиқ терговчилар унинг ишидан камчилик топишга ҳаракат қилишди. Салоҳиддин акага фаолияти билан боғлиқ асоссиз айблар қўйишди.
Бироқ ёлғон гувоҳликка жалб этилганлар ҳам уни қоралашга ботинолмади. Дадил ва қатъий туриб уларга қарши чиққан Салоҳиддин Солиевни бошқа томондан йиқитишди — ўғлига ёпишишди.
Тоҳир Солиев 1986 йил май ойида хизмат интизомига риоя қилмаслиги, ҳудудида очилмаган жиноятлар кўплиги, ҳеч қандай чақирув ҳужжатисиз ўқишга қатнаётгани каби асоссиз айблар билан хизматдан бўшатилди.
Ўша пайтлар Тоҳиржон Самарқанд давлат университетининг юридик факультетида сиртдан таҳсил олаётган эди. Вақти-вақти билан унга ўқишга чақирув қоғози келарди. Бу сафар шу ҳужжат атай йўқотилганди.
Хуллас, бошга тушганини кўз кўрар экан. Ота-бола анча пайт уйда қолишди. Бекорчиликка ўрганмаган Тоҳир Солиев тумандаги мактабларнинг бирида ёшларга чақириққа тайёрлаш фанидан дарс бера бошлади. Шу тариқа руҳий тушкунликни енгишга уринди. Бўш вақтида эса лой қориб, ғишт қуйиб, иморат тиклашда отасига кўмаклашди.
Ишдан бўшатилганимиздан кейин ўзимизни айбдордек санаб ўтирмадик. Отам билан иккимиз адолатни қарор топтириш учун курашдик.
Бизнинг айбсизлигимизни исботловчи қўлимиздаги бор ҳужжатларни, далилларни асос қилиб бормаган жойимиз, мурожаат қилмаган одамимиз қолмади, -дейди Тоҳир Солиев. — Улар «Барчасини ўрганиб чиқамиз, жавобини айтамиз», -деяр эди.
Кутдик. Қандай кутдик, биласизми? Аламимизни меҳнатдан олдик. Ишдан бўш пайтимиз иморат солдик, томорқада тер тўкиб ишладик.
Йиллар мобайнида давом этган тергов жараёнлари, кун ора ҳовли жойимизни тинтиб кетишлари барчамизни ҳолдан тойдирган эди.
Маҳалла-кўй олдида уялганимиздан ота-бола охири кўчага чиқмай қўйдик. Атрофдагилар, қўни-қўшнилар бизга душманга, муттаҳамларга қарагандек қарарди.
Шу зайлда уч йилни ўтказибмиз. Бир куни почтальон хат олиб келди. Унда менинг оқланганим, хизматга қайта тикланганим ёзилган эди.
Инсон руҳияти синса, қаддини ростлаши учун қанчадан-қанча куч ва ирода керак. Тоҳир ака иродасини ишга солиб, ўзида руҳий куч-қувват топа олди.
У ички ишлар органлари сафига қайта тиклангач, хизматни гўёки яна бошидан бошлади. Дастлаб участка нозири этиб тайинланди. Сўнг бир муддат туман ИИБ Навбатчилик қисмида ишлади. 1999 йилдан туман ИИБ Қўриқлаш бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатди.
Қаҳрамонимиз 2001 йилда иззат икром билан пенсияга кузатилди.
Айни пайтда у аёли Роза опа, фарзандлари ва набиралари билан тинч-хотиржам умргузаронлик қилмоқда. Халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов қуйидаги сатрларни битганида, айнан Тоҳир Солиев сингари метин иродали инсонларни назарда тутган бўлса, не ажаб:
Неларни кўрмаган инсоннинг боши, Неча бор қоврилиб тирилган жаҳон. Барига етаркан сабру бардоши, Демак, иродадан яралган инсон.
©️ «Postda» газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.