Соҳавий хизматларда. Темир интизомли ходимлар
2024-06-29 12:00:00 / Янгиликлар
Сирдарё вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасининг Ховос шаҳарчасида жойлашган биносига кириб борар эканмиз, тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига чиқиб кетаётганига гувоҳи бўлдик.
Маълум бўлишича, шаҳарчага яқинлашган эшелонга бир гуруҳ шахслар чиқиб олган ва очиқ юк вагонларидан иккиламчи темир парчаларини ерга ташлашган.
Улар Янгиер шаҳарчасининг халқ орасида «58» деб аталадиган мавзесида поездга осилиб олишган. Хўш нима учун айнан шу мавзеда?
Юк поездлари шу мавзедан ўтаётганда Ховос шаҳарчасига қараб бурилади, -дейди вилоят ТХТБ Тергов гуруҳи терговчиси, капитан Икром Турсунов. — Бу вагонларга осилиб чиқиб олиш учун қулайлик туғдиради.
Ўғрилик содир этган шахслар қўлга олинди. Улар Ховос шаҳарчасида истиқомат қилувчи, муқаддам айнан шундай қонунбузарлик учун судланган шахслар бўлиб чиқди. Тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойини кўздан кечириб, етказилган зарарни аниқлаб, ашёвий далилларни тўплади.
Ходимлар темирйўлдаги қонунбузарликлар фақат ўғирликдангина иборат эмаслигини таъкидлашди.
Баъзан вояга етмаган болалар ҳам темирйўл ҳаракатига жиддий зарар етказиши мумкин, — дейди вилоят ТХТБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, майор Раҳим Утемуратов. — Улар ўзларича эксперимент қилиб кўришга уста.
Масалан, «Шарқобод» маҳалласида яшовчи 13-14 ёшли уч нафар болакай арматура парчасини темирйўл рельси устига қўйиб, поезд ғилдираклари ёрдамида пачақлаб олишга ҳаракат қилган.
Одатда поезд ғилдираклари катта босим остида бундай арматураларни осонгина пачақлаб кетади. Лекин хавфли томони, бунинг натижасида поезд рельсдан чиқиб кетиши ҳам мумкин.
Яхшиямки, бундай «кашфиёт» поезд ҳаракатига зиён етказмаган. Агар арматураларнинг эни каттароқ бўлганида борми?..
Бошқармада «ходимбай» ишлаш тизими намунали йўлга қўйилган. Ҳар бир ходимнинг оиласи, яшаш шароити тўғрисида маълумотлар тўпланган.
Бошқарма раҳбарияти ходимларнинг хонадонида бўлиб, уларнинг оилавий муаммоларини жойида ҳал қилишга ҳаракат қилади. Натижада ходимларда ўз хизмат фаолиятидан мамнунлик туйғуси вужудга келган. Бу эса интизомга ижобий таъсир кўрсатган.
Ҳар бир ходимга, энг аввало, инсон сифатида қараймиз, — дейди бошқарма бошлиғининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Анвар Аҳмедов. — Ходим шунчаки буйруқни бажарувчи мурватга айланишидан ҳеч ким манфаатдор эмас.
Бундай ходим фойда эмас, аксинча, жамиятга зарар келтириши мумкин. Шу сабаб ходимларнинг инсоний фазилати, маънавий дунёқарашини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
©️ «Postda» газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.