Яқин тарих саҳифаларида. Ҳаётимдаги энг оғир кун
2024-06-20 04:00:00 / Янгиликлар
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида марказдан юборилган «десантчилар» гуруҳи халқимиз бошига ўттизинчи йиллар қатағонидан кам бўлмаган жабр-ситамлар келтирди. Жамоа хўжаликларининг оддий табелчисидан тортиб вилоят, республика раҳбарларигача бўлган минглаб инсонлар «ўзбек иши», «пахта иши» деган бўҳтонлар ортидан қамалди. Янаям ачинарлиси, уларнинг орасида қишлоқ хўжалиги соҳасига умуман алоқаси бўлмаган юртдошларимиз ҳам бор эди…
1947 йил 19 ноябрда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида туғилган Тўра Очилов 1967-1971 йилларда Тошкентда, олий ўқув юртида таҳсил олди. Илк хизмат фаолиятини Тошкент шаҳар ИИБ Алоҳида моторлаштирилган дивизиони милиционерлигидан бошлади. Орадан икки йил ўтиб, ИИВ ДАНБда ҳаракатланишни ташкил қилиш бўйича муҳандис, 1974-1979 йилларда Қашқадарё вилояти ИИБ ДАНБ бошлиғи ўринбосари лавозимларида самарали фаолият кўрсатди. Ўз касбини пухта билиши, зиммасига юклатилган вазифаларни бекам-кўст бажариши, янгиликларни соҳага жадал татбиқ этиши билан ҳамкасблари ва раҳбарият ишончини қозонади.
Мен Тўра Очилов билан бирга кўп йиллар хизмат қилдим, дейди истеъфодаги полковник Ниёзмурод Рўзимуродов. У ниҳоятда талабчан, ташаббускор раҳбар эди. Хизматда қаттиққўл бўлсада, кек сақламасди, билганларини ўргатишни канда қилмасди. Қўл остидаги ходимларга меҳрибонлик кўрсатарди. Кимнингдир муаммоси бўлса, дарҳол ҳал этиш чораларини кўрарди.
Майор Тўра Очилов 1979 йили Бухоро вилояти ИИБ ДАНБ бошлиғи лавозимига тайинланган. У кўплаб ибратли ишларни амалга оширди. Айниқса, йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўл белгилари ва светофорлар ўрнатиш борасида жонбозлик кўрсатади.
— 1983 йил 8 декабрь куни мен 9 ёшга тўлгандим. Кечқурун отамни қамоққа олиш учун уйга одамлар келишди. «Ота, туғилган кунимда қаерга кетяпсиз, бирга ўтирмайсизми?» деганимда, «Мен, албатта, қайI тиб келаман, ўғлим» деганча олти йилга кетди. Ўшанда бола ақлим билан нима бўлаётганини англаб-англолмаганман. Лекин ўша кун ҳаётимдаги энг оғир кун сифатида хотирамга муҳрлангани бор гап, — дейди ўғли, истеъфодаги майор Илҳом Очилов. -Тергов даврида отамни турли қийноқларга солишгани ҳақида бирга қамоқда ўтирган ҳамкасбларидан эшитганман. Лекин ўзи бу ҳақда умуман гапирмасди. Отам барча қийноқларга чидаган. Негаки, спортни канда қилмасди. Учрашувга борганимизда бизга ҳам ўқинг ва спорт билан шуғулланинг, дея қайта-қайта тайинларди.
Тўра Очилов Ўзбекистон ССР Олий судининг 1986 йил 13 майдаги ҳукми билан «майор» махсус унвони ва III даражали «Бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишони бекор қилиниб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Жазони Қозоғистон Республикасининг Капчигай шаҳридаги колонияда ўтаб, 1989 йилнинг 7 июль куни озодликка чиқди.
Озодликка чиққач, Т.Очилов ҳақиқат қарор топиши учун тинимсиз курашди. 1990 йил 14 декабрь куни унга қўйилган айбловлар бекор қилиниб, жиноят иши қўшимча тергов учун Бухоро вилояти прокуратурасига юборилди. 1991 йилнинг 27 апрель куни эса жиноят аломатлари йўқлиги сабабли жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилди. Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 1991 йил 27 августдаги хулосасига асосан, ички ишлар органларига тикланди.
Халқимиз мустақилликни қўлга киритган пайтда Тўра Очилов ИИВ ДАНБ катта инспектори лавозимида хизматни бошлади. Сўнгра вазирлик ДАНБ Техника назорати бўлими таркибида экология бўлинмасини ташкил этишга бош-қош бўлди. Шу бўлинма бошлиғи вазифасида хизмат қилиб, табиатни асраш, экологик вазиятни барқарорлаштириш борасида фидойилик кўрсатди. Унинг ташаббуси билан орадан икки йил ўтиб, ИИВ ДАНБ Экология бўлими Экология марказига айлантирилиб, автомобиллардан ҳавога чиқаётган газлар миқдорини меъёрлаштириш борасида республикада салмоқли ишлар амалга оширилди.
Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини вазирлик Давлат автомобиль назорати бош бошқармаси навбатчилик қисми бошлиғи лавозимида якунлаган подполковник Тўра Очилов 2000 йилдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги моддий-техник таъминоти соҳасида давом эттириб, тизимни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. 2008 йилда полковник унвонида иззат-икром билан пенсияга кузатилди.
Турмуш ўртоғи Дилбар Очилова билан икки ўғил, уч қизни олий маълумотли ҳуқуқшунослар қилиб тарбиялади. Ота касбини танлаган ўғли Илҳом Қашқадарё вилояти ИИБдан, қизи Шаҳноза Тошкент шаҳар ИИББдан пенсияга чиқишди.
Содиқ Раҳимов, ўз мухбиримиз. «Постда»