Соҳавий хизматларда. Барчаси электрон тарзда
2024-06-05 22:00:00 / Янгиликлар
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ 2-туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаси Чилонзор ва Учтепа тумани аҳолисига хизмат кўрсатади.
Бўлинмага мурожаат билан келаётган фуқаролар ўз вақтида ва ҳеч қандай қийинчиликсиз муаммоларини ҳал қилиб кетишмоқда. Барча амалиётлар электрон тизим орқали бажарилгани боис ҳар бир ариза сифатли ва бекаму кўст ҳал этилиши таъминланмоқда.
Жорий йил бошидан буён 45000 дан ортиқ транспорт воситаларини рўйхатлаш, қайта рўйхатлаш ҳамда қайта жиҳозлаш бўйича хизмат кўрсатилди, — дейди бўлинма бошлиғи, лейтенант Сардор Сидиқов. — Бўлинмада хизмат кўрсатиш махсус мосламалар ёрдамида автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилади.
Хусусан, давлат рақам белгилари автоматик равишда навбат билан берилади. Маълумотлар планшет мосламасига киритилиб, электрон тарзда шакллантирилади.
Шунингдек, ногиронлиги бор, имконияти чекланган мурожаатчилар навбатсиз қабул қилиниши йўлга қўйилган.
Ўз ишига масъулият билан ёндашиб, ҳар бир ҳужжатни синчиклаб ўрганаётган, автомашиналар техник кўригига жиддий эътибор берган ҳолда, хизмат олиб бораётган ходимларимиздан катта инспектор, катта сержант Сарвар Ўроқов, инспекторлар -сержантлар Шарифжон Хайруллаев, Ойбек Аҳмадов ҳамда кичик сержант Нодир Тиллаев номларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.
Бўлинмага автомашина ҳужжатлари ҳамда давлат рақам белгиларининг тушиб қолиши ёки яроқсиз ҳолга келиб қолиши юзасидан ҳам мурожаатлар бўлиб туради.
Шундай пайтларда фуқароларга эҳтиёт болишлари, лоқайдлик ва эътиборсизлик салбий оқибатларга олиб келиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилади.
Шунингдек, ЙПХ инспекторлари томонидан пойтахтимиздаги ЙПХ масканларида ва бошқа жойларда транспорт воситаларининг давлат рақамлари қоидаларда кўрсатилганидек қотирилмаган бўлса, махсус мосламалар ёрдамида қотириш ишлари ҳам олиб бориладики, бу турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига кўра, давлат рўйхатлаш рақам белгилари кўринмайдиган, қалбакилаштирилган, ўзгартирилган бўлса, транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Қонунчиликка биноан, давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш ҳолатлари аниқланса, бу қурилмалар мусодара қилиниб, фуқароларга жарима қўллашга сабаб бўлади.
Шундай экан, транспорт воситангиз, унинг ҳужжатлари ва жиҳозларига жиддий эътибор қаратиб, уларни эҳтиёт қилинг. Шундагина хотиржам ва хавфсиз бўласиз.
©️ «Postda» газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.