Ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди
2024-06-05 14:00:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 5 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссиянинг 3-йиғилиши доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги ички ишлар вазирининг ўринбосари Носир бин Абдулазиз Ал-Доуд бошчилигидаги соҳа масъулларидан иборат делегация билан мамлакатимиз Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал майор Даврон Назармухамедов ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир жараёнида томонлар икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида трансмиллий жиноятлар, терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция ва кибержиноятларга қарши курашиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ички ишлар вазирликлари ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида, тадбир жараёнида эришилган келишувларни амалга қаратишга мўлжалланган ҳамда истиқболли вазифалар белгиланган баённома имзоланди.
Ташриф дастурига асосан ҳамкорлар делегацияси Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фаолияти ҳамда мамлакатимиз туристик объектларда хавфсизлик чоралари таъминланиши жараёнлари билан танишувлари режалаштирилган.