Ички ишлар вазирининг топшириғига асосан тузилган ишчи гуруҳ томонидан 6-минтақавий ҳудудга қарашли Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларида ўрганиш олиб борилди
2024-06-01 16:55:00 / Янгиликлар

Жумладан, республика ишчи гуруҳи раҳбари, ИИВ Ташкилий департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Н.Қаюмов, Жазони ижро этиш департаменти бошлиғининг ўринбосари полковник Г.Курамбаев ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳар бир муассасада соҳавий хизматлар фаолияти комплекс ўрганилиб, таҳлил қилинди.
Ўрганиш давомида, Вазирлик томонидан юборилган «Йўл хариталар»нинг ижроси, маҳкумларни «Озодликка тайёрлаш»да амалга оширилаётган тадбирлар, психолог ва тиббиёт ходимларининг фаолияти, ҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорлик аҳволи ҳамда мурожаатлар билан ишлаш йўналишида йўл қўйиб келинаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, муассаса ходимларига ҳамда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган маиший шарт-шароитларни яхшилаш, бўш бўлган лавозимларни қисқа муддатда жамлаш, маҳкумлар учун янги иш ўринларини яратиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.