Темир йўлларда хавфсиз кун. Профилактик тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда
2024-05-27 06:10:00 / Янгиликлар
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг ҳамкорликдаги режасига мувофиқ, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Темир йўлларда хавфсиз кун» деб белгиланган. Шунга кўра, жойларда профилактик тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
«Назарбек» темир йўл бекати ҳудудида ўтказилган навбатдаги профилактик тадбир давомида хизмат ҳудуди бўйлаб 15 та огоҳлантирувчи баннер ўрнатилди. Шу билан бирга, Зангиота туманида жойлашган «Ҳаракат» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси, 6-сонли умумтаълим мактаби ўқувчи-ёшлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирларда темир йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, давлат мулкини талон-торож қилмаслик ҳақида сўз борди. Қолаверса, чорва молларини темир йўллар яқинида боқмаслик, туриб қолган юк вагонларига чиқмаслик, вагонлар тагидан ўтмаслик, темир йўл изларига бегона жисм қўймаслик, транспорт воситаларига шикаст етказмаслик кераклиги таъкидланди. Шунингдек, мазкур қоидаларга риоя қилмаслик қандай оқибатларга олиб келиши аниқ мисоллар ёрдамида тушунтирилди. Учрашувларда фуқаролар ва ўқувчи-ёшларга департамент томонидан ишлаб чиқилган флаерлар тарқатилди.
Қ. Қурбонов, сафдор.