Ички ишлар вазирлиги Академияси тингловчилари Хитой Халқ Республикасида малака ошириб қайтди
2024-05-21 10:25:00 / Янгиликлар
Ўқув курслари Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасида йўлга қўйилган мустаҳкам алоқалар доирасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил қилинди.
Машғулотлар мамлакатнинг етакчи таълим муассасаларидан бири саналган Жамоат хавфсизлиги университети мутахассислари томонидан олиб борилди. Интерфаол тарзда ўтказилган ўқув курсларида тингловчилар Хитой полиция тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасига татбиқ қилинган инновацион ёндашувлар, полиция тузилмалари фаолиятини бошқариш, замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш, Ўзбекистон ва Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик каби йўналишларда маъруза тинглаб, ўзаро фикр алмашдилар.
Бундан ташқари, магистрларимиз учун Пекин шаҳридаги полиция тузилмалари фаолияти билан танишиш, «CIPATE-2024» махсус технологиялар кўргазмасида иштирок этиш имконияти яратилди.
Ўқув курси якунлари муносабати билан ўтказилган тадбирда университет ректори Сао Шицюан икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида эътироф этиб, сертификатларни тантанали равишда топширди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати