Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий Тиббиёт бўлинмаларига «Foton VIN» русумидаги тез-тиббий ёрдам (Реанимобил комплекси) автоуловлари тантанали равишда топширилди
2024-05-20 10:00:00 / Янгиликлар
Инсонлар саломатлигини сақлаш, сифатли тез-тиббий ёрдам кўрсатиш, бугун ҳар бир шифокор зиммасидаги масъулиятли бурчдир. Соғлиқни сақлаш тизимини замонавий техника жиҳозлари билан ислоҳ қилиш бўйича муҳтарам юртбошимиз томонларидан сўнги йилларда катта ташаббус ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш лозим, айни борадаги кенг мақсадли ишлар Ички ишлар органлари тиббиёт муассасалари фаолиятида ҳам сезиларли янгиликлар жорий этилишига бош омил бўлди. Айни кунда Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт муассасалари бинолари янгидан таъмирланиб замонавий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмоқда.
Тизимли ишларнинг узвий давоми сифатида ҳудудий ички ишлар органлари Тиббиёт бўлимларига хорижда ишлаб чиқарилган саккиз дона «Foton VIN» тез-тиббий ёрдам автоулов (Реанимобил комплекси)ларининг тантанали топшириш маросими ташкил этилди. Тадбирда сўзга чиққан, ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ходимларнинг саломатлигини ишончли таъминлашга қаратилган бу каби саъй ҳаракатлар аввало инсон қадри учун деган тамойилга асослангани ҳамда бу орқали хизмат сифатини яхшилаш мақсад қилинганини таъкидлади.
Тантанали маросим давомида мамлакатимизнинг саккизта ҳудудий марказларга мазкур замонавий тиббиёт автоуловлари топширилди.
Соғлиқни сақлаш тизимига қаратилган бу каби эътибор келгусида ички ишлар ходимларининг саломатлигини мустаҳкам таъминлашга хизмат қилади.