Асосий контентга ўтиш

Фидойи ходимлар. Бахт — оиланинг нақши

2024-05-06 22:30:00 / Янгиликлар

Бахтли оила бўлиб яшаш ҳар бир инсоннинг орзуси. Лекин биргина хоҳиш-истакнинг ўзи билан бунга эришиб бўлмайди. Ҳаётнинг пасту баланди, ўнқир-чўнқир йўлларида инсон бошига турли синовлар тушиши мумкин. Ажралишлар, фарзандларнинг ота ёки она меҳридан мосуво бўлиб ўсиши нафақат болалар келажаги, балки жамият ривожи учун ҳам катта йўқотишдир. Афсуски, буни ҳамма ҳам ҳис қила олмайди.

-Хизмат фаолиятим давомида кўплаб оилаларни яраштиришга эришган бўлсам, бу осонликча кечгани йўқ, — дейди Косонсой тумани ИИБ ЖХХ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, майор Умида Аббосова. — Айниқса, оилада турмуш ўртоғи ва унинг яқинлари томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларнинг тақдири чигаллашиб кетаётгани ачинарлидир.

Лавҳамиз қаҳрамони 2014 йилда фаолиятини терговчиликдан бошлаган. 2022 йилда ҳозирги лавозимига ишга ўтди. У ғайрати, шижоати, муаммони теран таҳлил этиб, тўғри қарор қабул қила олиш қобилияти билан зиммасидаги масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажариб келмоқда.

Йил бошидан буён туманда 27 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизга ҳимоя ордери берилиб, 22 нафар ажрим ёқасидаги оила яраштирилди. Бундан ташқари, туманда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг муаммолари ҳамкор идора ва ташкилотлар билан ҳал этиб келинмоқда. Профилактик ҳисобда турган 30 нафар хотин-қиздан 5 нафарининг бандлиги таъминланди. 3 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга кўмаклашилди, бир нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қайта тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, «Қорасув» маҳалласида яшовчи Моҳичеҳра Қодировага тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашилди. Жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 3 нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилиб, бандлиги таъминланди.

Майор У. Аббосова нафақат жамиятда ўз ўрнини топган, балки оилада ҳам бахтли она, уддабурон келин, севимли рафиқа, десак, муболаға эмас.

У маҳалласидаги намунали оилага келин бўлиб тушган. Оиладаги соғлом муҳит туфайли ҳамма бир-бирига кўмакдош. Катта қайнона Маҳмудахон момо Умида ва Азизжоннинг икки фарзандини мактаб ва боғчага бориб келгандан сўнг дарсларини бажаришини ўзи назорат қилади. Турмуш ўртоғи Азизжон Файзуллаев Наманган муҳандислик технология институтида психолог бўлиб ишлайди.

Бир сўз билан айтганда, майор Умида Аббосованинг масъулиятли ишидаги муваффақиятли натижаларида оиласидагиларнинг ҳам ҳиссаси бор.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА, ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.

157

Охирги янгиланиш: 2024-05-06 22:32:30

Фидойи ходимлар. Бахт — оиланинг нақши