Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуровнинг Ғиждувон туманида 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталафот ўтказиш бўйича МУРОЖААТИ
2025-10-25 18:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум ҳурматли юртдошлар, Қадрли Ғиждувонликлар!
Олдимизда муҳим палла-қиш мавсуми турибди. Мавсумда аҳоли учун зарур шароитларни яратиш, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда инфратузилма тизимларининг барқарор фаолият юритиши учун олдиндан пухта тайёргарлик кўриш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда мавсумни беталафот ўтказиш катта аҳамиятга эга.
Бу борада муҳтарам Президентимиз ва Ҳукумат томонидан биз раҳбарларга аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган. Туманимизда мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда тизимли ишлар, чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугунги кунда барча соҳа куз-қишга шай ҳолатга келтирилди.
Куз-қиш даврини барқарор ўтказиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш, шунингдек, мавжуд имкониятлардан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича туманимиздаги ҳар бир корхона ва ташкилот раҳбарлари аҳолига ҳисобот ҳам беришди.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, биз ўтган йиллар давомида йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни жиддий таҳлил қилдик. Коммунал тизим ва барча раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини оширдик.
Туманда куз - қиш мавсумини беталафот ўтказиш, жумладан кўп қаватли уй-жой фонди, иссиқлик, сув таъминоти, электр ва газ тизимини ҳамда ижтимоий соҳа объектларини мавсумга тайёрлаш, табиий газ билан таъминланмаган аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларига кўмир ва суюлтирилган газ маҳсулотларини етказиб бериш бўйича туманда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жорий йилда мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнида 4 та асосий йўналиш белгилаб олинди ва дастурда белгиланган тадбирлар амалга оширилди:
1 йўналиш, 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида туман истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар ҳамда муҳандислик коммуникация тармоқлари (электр, газ, сув ва иссиқлик таъминоти)ни тайёрлаш, электр ва табиий газни иқтисод қилиш чоралари кўрилди;
2 йўналиш, Уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари амалга оширилди;
3 йўналиш, Ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари амалга оширилди;
4 йўналиш, Ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолини кўмир маҳсулоти ва суюлтирилган газ билан таъминлаш масалаларига эътибор берилди.
Электр энергияси таъминоти бўйича
Тумандаги жами 70 010 та (шундан аҳоли 65 802 та, улгуржи 4 208 та) истеъмолчиларга куз-қиш мавсумида бир маромда электр энергияси етказиб бериш бўйича дастур доирасида тегишли таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Жумладан, 347,8 км электр узатиш тармоқлари, 96 та трансформатор пунктларида мукаммал ва 616,2 км электр узатиш тармоқлари ва 252 дона трансформатор пунктларида жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди.
Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида оғир тоифадаги 6 та маҳаллаларда электр таъминотини яхшилаш мақсадида ажратилган 6 млрд 240 млн. сўм маблағлар ҳисобига ушбу ҳудудлардаги 8 та трансформатор пунктлари янгидан ўрнатилиб, 53,8 км электр тармоқлари ҳамда 1078 та таянч устунлар янгиланди.
Бунинг натижасида ушбу маҳаллалардаги 4 минг 602 та хонадонларнинг электр таъминоти яхшиланди.
Туман электр таъминоти корхонаси томонидан куз-қиш мавсуми давомида содир бўлиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида, жамиятнинг 29 нафар ишчи ходимлар жалб қилинган ҳолда 7 та авария бригадалар ташкил қилинди.
Бригадалар учун 6 та автомашиналар, 2 та махсус техникалар шай ҳолга келтирилган. Корхона омборларига 3 та трансформатор пунктлари, 0,7 тонна трансформатор мойи, 0,15 км кабел, 0,5 тонна сим, 1 дона муфта, 4 дона таянч устунлар ҳамда 34 дона бошқа материаллар захираси яратилди.
Табиий газ таъминоти бўйича
Бугунги кунда туманда 47656 та (шундан аҳоли 46840 та, улгуржи 816 та) табиий газ истеъмолчиларга куз қиш мавсумида бир маромда табиий газ етказиб бериш мақсадида, режалаштирилган 10,4 км.дан амалда 10.7 км газ тармоқлари реконструкция қилинди, 8 та(режа 3 та) газ тақсимлаш пунктлари ва 2.7 км газ қувурларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 57.8 км (режа 50,8 км) газ қувурларида босим остида синаш ва тозалаш ишлари бажарилиб, 219.6 км ер ости газ қувурлари ҳолати текширилди ҳамда 90,1 (режа 89,9 км) км қувурларни тартибга келтириш (бўёқлаш) ишлари тўлиқ бажарилди.
“Ғиждувонтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан куз-қиш мавсумида табиий газ тизимида содир бўлиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида 1 та авария бригадалари ташкил қилиниб, 1 та автомашина, 3 та газ пайвандлаш ҳамда 1 та электр пайвандлаш аппаратлари шай ҳолга келтирилган.
Шунингдек, омборда 0,25 км турли диаметрдаги газ қувурлари, 6 дона зулфин (задвижка)лар, 10 дона жўмрак (кранлар), 2 кг болт ва гайкалар, 10 кг ҳимоя ўрами (изоляция), 25 кг электрод, 50 кг карбид ҳамда 8 дона отводлар захираси яратилди.
Ичимлик суви таъминоти бўйича:
Ичимлик сув тармоқларини мавсумга тайёрлаш бўйича дастур доирасида бугунги кунда, 1,5 км ичимлик суви тармоқларида мукаммал, 7,2 км тармоқларда жорий ҳамда
1 тадан насосларда мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, содир бўлиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида барча зарур бўлган материаллар захираси яратилиб, техникалар шай ҳолатга келтирилган. Ичимлик суви етиб бориши қийин ҳудудларга фавқулодда ичимлик суви етказиб бериш учун 2 та техника тайёр ҳолатда келтирилган.
2 йўналиш бу кўп қаватли уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масаласидир.
Туманда 2,6 мингдан зиёд хонадондан иборат бўлган 105 та кўп хонадонли уйлар мавжуд бўлиб, уларга 1 та бошқарувчи (“Ғиждувон коммунал хизмат кўрсатиш” МЧЖ) ташкилот томонидан техник хизмат кўрсатиб келинмоқда.
2025 йилда тумандаги жами 6 та кўп хонадонли уй-жойларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда дастур доирасида 60 млн. сўм маблағлар ҳисобига 13 та кириш йўлаклари, 12 та электр тақсимловчи шитлар, 14 та кириш йўлакларидаги 48 та энергия тежамкор чироқлар ўрнатилиб, 4 та кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмидаги оқова қувурлари ва 8 та хонадонлар ички қисмидаги оқава тик қувурлари янгисига алмаштирилди.
Бундан ташқари туман маҳаллий бюджети ҳисобидан 25 та кўп қаватли уйларнинг 57 та кириш йўлакларидаги темир эшикларга интерком (домафон) ўрнатилди ва 30 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларидаги 45 та темир эшикларга кодли қулфлар ўрнатилди. Тумандаги 105 та кўп қаватли уйларнинг 278 та кириш йўлакларининг барчаси камералаштирилган бўлиб, 17 та кўп қаватли уйларнинг 24 та кириш йўлакларига ташвиш тугмалари ўрнатилиб чиқилди.
Қиш мавсумида кўп қаватли уй-жой фондининг ички муҳандислик коммуникация тизимларида содир бўлиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида тумандаги бошқарув хизмат кўрсатиш компаниясига зарур бўлган материаллар захираси яратилди.
3 йўналиш, Ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масаласи энг долзарб ҳисобланади.
Жорий йил дастурлари доирасида тумандаги жами 6 та, шундан 4 та (34,4 млрд.сўм) мактаб, 1 та (2,7 млрд.сўм) мактабгача таълим, 1 та (28,9 млрд.сўм) тиббиёт объектларида қурилиш, ссуда маблағлари ҳисобидан 7 та шундан 2 та (4,54 млрд.сўм)соғлиқни сақлаш 1 та (1,5 млрд.сўм) спорт ва 4 та (13,6 млрд.сўм) мактабгача ва мактаб таълими объектлари реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Маълумот учун: Ғиждувон туманида жами 184 та ижтимоий соҳа муассасалари мавжуд. Шундан, 75 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 67 та умумтаълим мактаблари, 27 та соғлиқни сақлаш объектлари, 4 та олий таълим ва техникумлар, 6 та спорт, 4 та маданият объектлари, 1 та ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил қилади.
Тумандаги ижтимоий соҳа муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида 8 та ишчи гуруҳларини ташкил қилган ҳолда, тумандаги барча ижтимоий соҳа муассасалари тўлиқ ўрганилиб, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Мазкур ишчи гуруҳларга вилоятдаги тегишли корхона ва ташкилотларнинг 8 нафар ҳамда тумандаги тегишли корхона ва ташкилотларининг 62 нафардан ортиқ ходимлари жалб қилинди.
4 йўналиш, Ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолини кўмир маҳсулоти ва суюлтирилган газ билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кўмир таъминоти бўйича
Ижтимоий соҳа муассасаларига 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсуми учун жами 3 127,0 тонна маҳаллий кўмир ёқилғиси жамғарилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 3 127 тонна (100,0%)га етказиб берилди. Ижтимоий соҳалар томонидан кўмир маҳсулоти етказиб бериш ишлари давом этмоқда.
Хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими муассасалари
режа 2752,0 тонна амалда 2752,0 тонна (100,0%), Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари режа 60,0 тонна амалда 60,0 тонна (100%), Маданият муассасалари режа 30,0 тонна амалда 30,0 тонна (100%), Соғлиқни сақлаш муассасалари режа 280,0 тонна амалда 280,0 тонна (100%) га,спорт ва санъат ташкилотлари режа 15,0 тонна амалда 15,0 тонна (100%)жамғарилган.
Шунингдек, аҳоли истеъмолчиларига куз-қиш мавсуми учун жами 7943,0 тонна (шундан, 6148,0 тонна маҳаллий ва 1795,0 тонна импорт) кўмир ёқилғиси жамғариш режалаштирилган. Бугунги кунда аҳоли эҳтиёжи буюртмаси 7200,0 тонна (105,%) электрон платформага киритилган. Маҳаллий ҳамда импорт кўмир маҳсулотлари аҳоли хонадонларига тизимли равишда етказиб берилади. Давлатимизнинг аҳолига яратиб бераётган имтиёзидан келиб чиқиб, 1 кг маҳаллий кўмирнинг нархи 310 сўмни ташкил этмоқда. 1 тонна кўмир нархи 310 минг сўмни ташкил этмоқда.
Бугунги кунда (24.10.2025 ҳолатида) туманимизда кўмир омбори мавжуд бўлмаганлиги сабабли, Ғиждувон туманидаги мавжуд кўмир омборидан аҳоли истеъмолчилари томонидан жами 2937 тонна (2122 тонна маҳаллий ҳамда 815 тонна импорт) кўмир ёқилғиси харид қилинган.
Ҳозирги кунда, туманидаги мавжуд кўмир омборида 176 тонна кўмир захирамиз мавжуд бўлиб, туманимиз аҳолиси учун қолган кўмир маҳсулотлари ҳам пешма-пеш олиб келинмоқда.
Суюлтирилган газ таъминоти бўйича :
Мавсум давомида табиий газ билан таъминланмаган 20672 та истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида 15 та маиший газ балонлари захираси яратилди, 5 та махсус техникалар шай ҳолга келтирилди, 1 та газ тарқатиш шохобчаларида махсус ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ишчи гуруҳ тузилиб мавсумга тайёрлаш ишлари олиб борилди.
Мавсум давомида (2025 йил октябрь – 2026 йил март ойлари) истеъмолчиларга 2924,6 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган бўлиб, тасдиқланган режа-график ҳамда аҳолининг талаби асосида белгиланган муддатларда суюлтирилган газ етказиб берилиши таъминланади.
Азиз Ғиждувонликлар!
Маълумки, ҳар йили куз-қиш мавсуми янги синов ва масъулиятларни олиб келади. Бу эса биз раҳбарларнинг зиммасига янада муҳим вазифаларни юклайди. Шуни унутмаслик керакки, бугунги ҳар бир ҳаракатимиз, амалга ошираётган ишларимиз мавсумни кўнгилдагидек ўтишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Туманда 2025-2026 йил куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича барча ташкилий чоралар кўрилган. 24/7 режимда штаб фаолияти йўлга қўйилади.
Аҳолига ва ижтимоий соҳа объектларига зарур миқдорларда ёқилғи-энергия ресурсларини етказиб бериш бўйича мунтазам равишда “Маҳаллабай” тизимида ўрганишлар олиб бориб, ажратилган ресурсларни бир маромда етказиб берилишини таъминланади. Албатта, бунда депутатларнинг, фаолларнинг ёрдами-жамоатчилик назорати керак бўлади.
Куз-қиш – барчамиз учун синовли, аммо ҳамжиҳатликда ўтадиган мавсум. Биз маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идоралар билан биргаликда барча соҳани, коммунал тизимни куз-қишни бе беталафот, кўнгилдагидек ўтказиш учун барча кучимизни сафарбар этамиз. Лекин энг катта куч - биз сиз юртдошларимизнинг масъулияти ва қўллаб-қувватлашидир.
Келинг, ҳаммамиз ҳамжиҳатликда, бир-биримизга ёрдам бериб, мавсумни тинч ва юқори даражада ўтказайлик. Олийжаноб халқимиз бу йўналишда ҳам тажриба ва намунасини кўрсатишига ишонаман.
Эътиборларингиз учун раҳмат!
