Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари З. Бекатова ва М. Тошова Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида бўлиб, ҳудудда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
2026-11-12 11:30:00 / Янгиликлар

Хусусан, Ғиждувон деҳқон бозорида савдо жараёнларини рақамлаштириш, электрон тўловлар тизимини жорий этиш ҳамда маиший коррупциянинг олдини олиш борасидаги ишлар кўздан кечирилди. Бозорда ташкил этилган Ситуацион таҳлил маркази фаолияти билан танишилиб, видеокузатув, электрон ҳисоб-китоб ва тезкор хизматлар билан ҳамкорлик механизмларининг самарадорлиги кўриб чиқилди. Шунингдек, тадбиркорлар ва ходимлар билан суҳбатлашилиб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди.
Туман ҳокимлигида эса коррупциядан холи ҳудудни шакллантириш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси муҳокама қилинди.
Соғлиқни сақлаш тизимида, жумладан, тиббий воситалар ва буюмларни харид қилишда шаффофликни таъминлаш, электрон давлат харидлари жараёнида қонунчилик талабларига риоя этиш ҳамда ички назоратни кучайтириш масалалари ҳам ўрганилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Ўрганиш натижалари парламент назорати доирасида умумлаштирилиб, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, давлат органлари фаолиятида очиқликни мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган кейинги ишларда инобатга олинади.






