ҒИЖДУВОНДА НИМА ГАП? ЧОРРАҲАДАГИ ҲАРАКАТ ТАРТИБИ: ҚОНУН ТАЛАБИ ВА ХАВФСИЗЛИК МАСЪУЛИЯТИ
2026-11-11 18:25:00 / Расмий муносабат

Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан мазкур ҳолат «қопқон» сифатида баҳоланаётгани муносабати билан, масалага ойдинлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ҳолатнинг моҳияти нимада?
М37 автомобиль йўлига ўнг томондан туташган иккинчи даражали йўлда транспорт воситалари ҳаракати светофор орқали тартибга солинган. Мазкур туташмадан тахминан 5–10 метр масофада эса светофор билан жиҳозланган тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойи мавжуд.
Ўрганиш жараёнида иккинчи даражали йўлдан М37 автомобиль йўлига ўнгга бурилувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларига пиёдалар ўтиш жойидаги транспорт светофорининг ишоралари кўриниши, бироқ ушбу светофор олдида транспорт воситалари учун тўхташ чизиғи мавжуд эмаслиги аниқланган.
Қонунчиликда бу ҳолат қандай тартибга солинган?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 12-апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 31-бандига мувофиқ, светофорнинг қизил ишораси транспорт воситалари ҳаракатини тақиқлайди, яшил ишораси эса ҳаракатланишга рухсат беради.
Қоидаларнинг 41-бандида светофорнинг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи олдида тўхтатиши, бундай чизиқ мавжуд бўлмаган ҳолларда эса белгиланган тартибда тўхташи лозимлиги кўрсатилган.
Шунингдек, Йўл ҳаракати қоидаларининг 102-бандида светофорнинг рухсат этувчи ишорасида чорраҳага кирган ҳайдовчи ундан чиқишда светофор ишораларидан қатъи назар, мўлжалланган йўналишда ҳаракатланишни давом эттириши белгиланган.
Бироқ чорраҳада ҳайдовчининг ҳаракатланиш йўлида жойлашган светофорлар олдида алоҳида тўхташ чизиқлари ёки 5.33 йўл белгиси мавжуд бўлса, у ҳар бир светофор ишорасига амал қилиши шарт.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, йўл ҳаракати қоидалари барча ҳайдовчилар учун бирдек мажбурий. Шу билан бирга, ҳаракатни ташкил этишда светофорлар, йўл белгилари ва чизиқлари ўзаро мувофиқ жойлаштирилиши, ҳайдовчилар учун тушунарли ва хавфсиз ҳаракатланиш шароити яратилиши муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур ҳолатда ҳам асосий эътибор йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчилар ва пиёдалар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳаракатни ташкил этишда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларни бартараф этишга қаратилиши лозим.
Зеро, йўлларда хавфсизлик — барчамизнинг умумий масъулиятимиз. Қонун талабларига риоя қилиш ҳам, йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш ҳам бирдек муҳим!
