ХАВФСИЗЛИК — БАРЧАМИЗНИНГ УМУМИЙ МАСЪУЛИЯТИМИЗ! ҒИЖДУВОН ТУМАНИ ИИБ БОШЛИҒИ, ПОЛКОВНИК ШАРИПОВ БАҲОДИРХЎЖА ЗАРИФОВИЧНИНГ АҲОЛИГА ПРОФИЛАКТИК-ОГОҲЛАНТИРУВЧИ МУРОЖААТИ
2026-10-05 17:15:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

ИНТЕРНЕТДАГИ “ОСОН ПУЛ” — ҲАҚИҚИЙ ХАВФ!
Бугунги кунда фирибгарлар технологиялардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. 9 ой давомида туманимизда ахборот технологиялари орқали 18 та жиноят содир этилган.
“Ютуқ ютиб олдингиз”, “Пулингизни кўпайтириб берамиз”, “Онлайн кредит тасдиқланди” каби шубҳали хабарларга ишонманг.
Банк карта рақами, ПИН-код, СМС орқали келадиган тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга берманг. Номаълум АПК файлларни юкламанг, шубҳали ҳаволаларни очманг.
Ҳатто яқин инсонингизнинг овозига ўхшаш қўнғироқ орқали пул сўрашса ҳам, аввало маълумотни текширинг. Сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилган фирибгарликлардан ҳам огоҳ бўлинг.
МОЛ-МУЛКИНГИЗНИ ЎЗИНГИЗ АСРАНГ!
41 та ўғрилик ҳолатининг қайд этилгани хонадонлар, автомобильлар, чорва моллари ва бошқа мол-мулкларни қаровсиз қолдирмаслик зарурлигини кўрсатмоқда.
Шунинг учун:
хонадон ва автомобильларингизни қаровсиз қолдирманг;
чорва молларингизни назоратсиз ташлаб кетманг;
эшик-деразаларнинг мустаҳкамлигини текширинг;
ҳовли, хонадон ва савдо объектларига видеокузатув камераларини ўрнатинг;
имкон қадар мулкингизни техник қўриқлаш тизимига уланг.
Кузатув камераси — шунчаки қурилма эмас, жиноятнинг олдини олишдаги муҳим воситадир.
ОИЛА ТИНЧЛИГИ — ЖАМИЯТ ТИНЧЛИГИ
Афсуски, тан жароҳати билан боғлиқ айрим жиноятлар оилавий-маиший низолар оқибатида содир бўлмоқда.
Ҳар қандай келишмовчиликни зўравонлик билан эмас, мулоқот ва қонуний йўл билан ҳал қилайлик.
Ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этайлик, уларни назоратсиз қолдирмайлик. Фарзанд тарбиясига бефарқлик — келажак хавфсизлигига бефарқликдир.
СИЗНИНГ БИРТА ХАБАРИНГИЗ ИНСОН ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШИ МУМКИН!
Бугунги кунда туман миқёсида қидирувда бўлган 15 нафар шахс аниқланмаган.
Агар маҳаллангизда шубҳали шахс ёки ҳолатга дуч келсангиз, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, “112” қисқа рақамига зудлик билан хабар беринг.
Бефарқ бўлмайлик! Сизнинг хабарингиз орқали жиноятнинг олди олиниши, оғир оқибатларнинг олдини олиш ва ҳатто инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
АЗИЗ ҒИЖДУВОНЛИКЛАР!
Жиноятчиликка қарши кураш — фақат ИИБнинг вазифаси эмас. Бу — барчамизнинг умумий бурчимиз.
Бугун кўрилган оддий эҳтиёт чораси эртага катта муаммонинг олдини олиши мумкин.
Огоҳлик — хавфсизлик гарови.
Ҳушёрлик — тинчлик кафолати.
Ҳамжиҳатлик — жиноятчиликка қарши энг катта куч!
Келинг, Ғиждувонимиз тинчлиги ва хавфсизлигини биргаликда асрайлик!
“Жиноят содир бўлгандан кейин эмас, уни содир бўлишидан олдин бартараф этайлик!”
