РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-10-05 18:20:00 / Расмий муносабат

Мазкур мурожаатда баённомада қайд этилган айрим маълумотларнинг ҳаққонийлиги, маҳалла раисининг фаолияти, фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда ушбу масала юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қилинган мурожаатлар бўйича турли важ ва эътирозлар билдирилган.
Мурожаатда келтирилган ҳолатларга холис ва қонуний аниқлик киритиш, фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини бевосита ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров, бошқарма юристи М.Муҳаммедов, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Ғиждувон туман бўлими бошлиғи З.Фузайлов, кадрлар масалалари бўйича масъул А.Қобилов ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида Чорсу МФЙ ҳудудида фуқаролар билан очиқ мулоқот ва ўрганиш ишлари олиб борилди.
Учрашувда 50 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, уларнинг мурожаатлари, таклиф ва эътирозлари бевосита тингланди. Мулоқот давомида илгари кўтарилган айрим масалалар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилгани, муаммоларни қонуний тартибда ҳал этиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилгани ҳамда фуқароларнинг айрим ижтимоий масалалари бўйича амалий кўмак кўрсатиш чоралари белгиланганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, Чорсу МФЙ раиси Ф.Ибрагимованинг фаолияти юзасидан фуқароларнинг фикрлари ҳам ўрганилди. Очиқ мулоқот давомида фуқароларнинг аксарият қисми маҳалла раисининг амалий фаолиятига ижобий баҳо берган ҳамда маҳаллада олиб борилаётган ишлар юзасидан қониқарли фикрлар билдирган.
Мурожаатда кўтарилган 2026 йил 19 январьдаги йиғилиш баённомаси, ундаги имзолар ва баённомада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги билан боғлиқ масалалар бўйича эса ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлиги тушунтирилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмаслиги, ҳар бир мурожаат қонунийлик, холислик ва очиқлик тамойиллари асосида кўриб чиқилиши таъминланмоқда. Мурожаатда кўрсатилган масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилиб, мавжуд муаммоларни қонуний тартибда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан якуний ҳуқуқий хулоса фақат ваколатли органлар томонидан, қонунчиликда белгиланган тартибда берилади. Шу боис масалага бир томонлама баҳо бермасдан, барча ҳолатларни холисона ва қонуний асосда ўрганиш муҳимдир.
Фуқароларнинг мурожаатлари — эътиборда. Ҳар бир мурожаатда кўтарилган масалани қонуний, холис ва адолатли ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан тегишли ишлар давом эттирилади.
