РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-09-04 18:35:00 / Расмий муносабат

Ўрганишлар давомида Оқработ маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳозирги кунда Соктари МФЙ ҳудудида жойлашган “Соктари 2” сув иншооти орқали қисман ичимлик суви билан таъминланаётгани аниқланди. Мазкур иншоот орқали ҳудуддаги 100 дан ортиқ хонадонга ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Шу билан бирга, “Соктари 2” сув иншоотининг мавжуд қуввати ушбу ҳудуд аҳолисини тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш учун етарли эмас. Мазкур сув иншооти асосан Сайидкент ва Баққоллар МФЙларидаги аҳоли хонадонларини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қурилган бўлиб, ёз фаслининг иссиқ кунларида сувга бўлган талабнинг ортиши натижасида айрим вақтларда ичимлик суви таъминотида узилишлар кузатилган.
Оқработ МФЙ Баққоллар МФЙ билан чегарадош ҳудудда жойлашганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилда қабул қилинган 435-сонли қарори асосида маҳалла ҳудудига жами 12,0 километр келтирувчи ва тарқатувчи ичимлик суви тармоқлари тортилган.
Фуқаро Эшпўлатов Рашид Худойбердиевич мурожаатида кўрсатган ҳудуд ҳам жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, мазкур хонадонларни ичимлик суви тармоғига улаш учун қўшимча 0,5 километр сув қувурини монтаж қилиш зарурлиги аниқланди. Бироқ ушбу 0,5 километр қувурни тортишнинг ўзи мазкур ҳудуд аҳолисини барқарор ва тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш имконини бермайди. Бунинг асосий сабаби — мавжуд “Соктари 2” сув иншоотининг қуввати етарли эмаслиги билан боғлиқ.
Мазкур муаммони комплекс ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 августдаги ПҚ–266-сонли қарори асосида Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида амалга ошириладиган “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизатсия қилиш (2-босқич)” лойиҳаси доирасида Ростгўй МФЙ ҳудудида янги “Ростгўй” сув иншоотини қуриш бўйича таклифлар киритилган.
Янги “Ростгўй” сув иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг Оқработ МФЙ аҳолиси, шунингдек, унга туташ маҳаллалар аҳолисини ҳам барқарор ва тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.
Шу муносабат билан, фуқаронинг мурожаатида кўтарилган масала асосли эканлиги инобатга олиниб, муаммонинг ечими фақат қўшимча 0,5 километр сув қувури тортиш билан эмас, балки ҳудудни етарли қувватга эга бўлган сув иншооти билан таъминлаш орқали комплекс ҳал этилиши маълум қилинади.
Оқработ МФЙ аҳолисини сифатли ва барқарор ичимлик суви билан таъминлаш масаласи тегишли тартибда назоратга олинган.
