РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-08-01 19:10:00 / Расмий муносабат

Мазкур мурожаат юзасидан Ғиждувон тумани ҳокимлиги томонидан тегишли масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар натижасида 2026 йил 8 июль куни кўчма цирк ташкилотчилари Ғиждувон тумани Оқработ МФЙ ҳудудида фаолият олиб бораётгани аниқланди ва уларнинг фаолияти жойига чиқиб ўрганилди.
📑 Аниқланишича, мазкур кўчма цирк Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Хатирчи Ҳайвонот Боғи” МЧЖга тегишли кўчма ҳайвонот боғи ҳисобланади. Фаолиятни амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар, жумладан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан берилган гувоҳномалар тақдим этилиб, белгиланган тартибда текширилди.
📄 Шунингдек, кўчма ҳайвонот боғи томонидан Бухоро вилояти ҳудудларида томошалар ташкил этиш мақсадида 2026 йил 5 январь куни Бухоро вилояти ИИБга мурожаат қилинганлиги ҳамда Ғиждувон тумани ҳудудида фаолият олиб бориш юзасидан туман ҳокимлигига мурожаат этилиб, Ғиждувон тумани ҳокимининг 2026 йил 19 майдаги 01-04/1429-сонли хати билан белгиланган тартибда жавоб берилганлиги маълум бўлди.
🩺 Ҳолат туман ветеринария бўлими мутахассислари томонидан ҳам ўрганилди. Текширув давомида кўчма ҳайвонот боғида 2 бош шер, 2 бош бўри, 3 бош тулки, 1 бош тўнғиз, 2 бош чиябўри, 1 бош товус, 2 бош бургут, 2 бош ўлаксахўр, 1 бош илон, 1 бош қирғий, 1 бош Америка еноти, 1 бош укки ҳамда 2 бош эчкиэмар сақланаётгани аниқланди.
✅ Барча ҳайвонлар ветеринария мутахассислари томонидан клиник кўрикдан ўтказилиб, уларнинг Хатирчи тумани ветеринария бўлими назоратида экани, барча юқумли ва зооноз касалликларга қарши профилактик эмланганлиги ҳамда текширув вақтида клиник жиҳатдан соғлом экани тасдиқланди.
🌿 Шу билан бирга, кўчма ҳайвонот боғи раҳбарига ёз фаслининг иссиқ кунларида ҳайвонлар учун қулай шароит яратиш, уларни салқин микроиқлимда сақлаш, тўйимли озуқа билан таъминлаш ҳамда ҳайвонлар саломатлигида ўзгариш кузатилган тақдирда зудлик билан ветеринария мутахассисларига мурожаат қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
🚚 Ўрганиш ишлари якунлангач, мазкур кўчма ҳайвонот боғи Ғиждувон тумани ҳудудидаги фаолиятини якунлаб, белгиланган тартибда туман ҳудудидан чиқиб кетганини маълум қиламиз.
🤝 Ғиждувон тумани ҳокимлиги фуқаролар ва жамоатчилик томонидан билдирилаётган мурожаатларга доимо эътибор билан ёндашади. Ҳар бир мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда масъул идоралар билан ҳамкорликда ўрганилиб, зарур чоралар кўрилади.
