ҒИЖДУВОН ТУМАНИНИНГ ҲАВЗАК МАҲАЛЛАСИДА ЯНГИ 120 ЎРИНЛИ ДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ.
2026-07-09 13:50:00 / Янгиликлар

Тантанали очилиш маросимида Ғиждувон тумани ҳокими Ф. Умаров, таълим соҳаси фидойилари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида янги таълим масканида яратилган замонавий шароитлар кўздан кечирилиб, мазкур муассаса келажак авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етишида муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
💬 Туман ҳокими Ф. Умаров ўз нутқида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Ғиждувон туманида таълим, ижтимоий инфратузилма ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом этаётганини қайд этди. Шунингдек, Ҳавзак маҳалласи аҳолисини янги давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилгани билан самимий муборакбод этиб, бу маскан фарзандларимизнинг билимли, соғлом ва ватанпарвар бўлиб вояга етишида муҳим даргоҳлардан бирига айланишига ишонч билдирди.
🤝 Тадбирда сўз олган нуронийлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, халқ фаровонлигини юксалтириш ҳамда ёш авлод камолини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар учун самимий миннатдорлик изҳор этдилар. Миллий қадриятларимизга мувофиқ, ушбу бунёдкорлик ишига муносиб ҳисса қўшган қурувчилар эътироф этилиб, уларга тўн кийдирилди.
🏗 Лойиҳа "Қишлоқ қурилиш лойиҳа" томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, қурилиш ишлари "Фаст Қуалитй Буилдинг" МЧЖ томонидан амалга оширилди. Замонавий меъморий ечимлар асосида бунёд этилган, 120 нафар тарбияланувчига мўлжалланган ушбу давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши учун барча зарур шароитлар яратилган.
🌱 Янги таълим масканининг фойдаланишга топширилиши Ғиждувон туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим натижаси бўлди. Зеро, фарзандлар таълимига қаратилган ҳар бир бунёдкорлик лойиҳаси — Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажагига қўйилган мустаҳкам пойдевордир.









