26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан Ғиждувон тумани прокурори Жўраев Нодиржон Комиловичнинг туман аҳолисига мурожаати.
2026-06-22 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ноқонуний айланмаси инсон ҳаёти ва соғлиғига жиддий зарар етказибгина қолмай, жиноятчиликнинг кўпайиши, оилаларнинг бузилиши ҳамда ёшларнинг келажаги издан чиқишига сабаб бўлаётган хавфли иллатлардан биридир. Шу боис ушбу муаммога қарши курашиш давлат ва жамият олдидаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши тизимли чоралар кўрилмоқда. Бироқ бу борадаги натижадорлик фуқароларнинг ҳушёрлиги, ота-оналарнинг масъулияти ва жамоатчиликнинг фаол иштирокисиз тўлиқ таъминланмайди.
Қадрли ота-оналар!
Фарзандларимизнинг тарбияси, уларнинг кимлар билан мулоқот қилаётгани, бўш вақтини қандай ўтказаётгани ва ҳаётга бўлган қарашларига эътиборли бўлиш бугунги куннинг энг муҳим талабидир. Оила бағридаги меҳр, назорат ва самимий мулоқот ёшларни турли зарарли иллатлар ва ноқонуний таъсирлардан асрашнинг энг самарали йўлидир.
Азиз ёшлар!
Сизлар юртимизнинг эртанги куни ва халқимизнинг энг катта бойлигисиз. Ҳаётда улкан марраларни эгаллаш учун соғлом турмуш тарзи, мустаҳкам ирода, билим ва меҳнат энг ишончли йўлдир. Гиёҳвандлик ва бошқа зарарли одатлар эса инсоннинг нафақат соғлиғини, балки орзу-мақсадлари ва келажагини ҳам барбод қилади. Шунинг учун ҳар қандай ноқонуний ва зарарли таклифларга нисбатан муросасиз бўлинг.
Ҳурматли туманимиз аҳли!
Агар сиз гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатларга дуч келсангиз, бу ҳақда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришингизни сўрайман.
Сизнинг фуқаролик позициянгиз, ҳушёрлигингиз ва бефарқ бўлмаслигингиз кўплаб ёшларнинг тақдирини сақлаб қолишга, жиноятларнинг олдини олишга ҳамда маҳаллаларимиз тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Келинг, барчамиз биргаликда гиёҳвандликка қарши муросасиз кураш олиб борайлик. Фарзандларимизнинг соғлом ва бахтли келажаги, халқимиз саломатлиги ҳамда юртимиз тинчлиги йўлида бирлашайлик.
Гиёҳвандликка қарши курашиш — қонун талаби, виждон амри ва ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.
Ҳурмат билан
Жўраев Нодиржон Комилович
Ғиждувон тумани прокурори
