26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғи, полковник Шарипов Баҳодирхўжа Зарифовичнинг туман аҳолисига мурожаати.
2026-06-21 15:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Бугунги кунда наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи нафақат инсон саломатлигига, балки жамоат хавфсизлиги, оилалар осойишталиги ва ёшлар тарбиясига ҳам катта таҳдид солмоқда. Айниқса, интернет тармоқлари орқали наркотик моддаларни тарқатиш, ёшларни ноқонуний фаолиятга жалб қилиш ва яширин наркосавдо билан шуғулланиш ҳолатлари дунё миқёсида долзарб муаммога айланмоқда.
Шу боис мамлакатимизда наркожиноятларга қарши кураш бўйича қонунчилик янада такомиллаштирилиб, бундай жиноятлар учун жавобгарлик кескин кучайтирилди. Наркотик воситаларнинг ноқонуний савдоси, яширин нарколабораторияларни ташкил этиш, вояга етмаганларни ушбу фаолиятга жалб қилиш каби жиноятлар учун қатъий жазо чоралари белгиланган.
Ҳурматли ота-оналар!
Фарзандларимизнинг бугунги тарбияси — эртанги келажагимиз гаровидир. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, кимлар билан мулоқот қилаётганига, интернетдаги фаоллигига ва қизиқишларига эътибор қаратиш ҳар бир ота-онанинг муҳим вазифасидир. Меҳр, эътибор ва назорат ёшларни турли зарарли оқимлар ва иллатлардан асрашнинг энг самарали йўлидир.
Азиз ёшлар!
Сизлар Ватанимизнинг энг катта бойлиги ва келажагисиз. Ўз олдингизга юксак мақсадлар қўйинг, илм олинг, спорт билан шуғулланинг, касб-ҳунар эгалланг. Ҳеч қачон соғлиғингиз, шаънингиз ва келажагингизга путур етказувчи зарарли одатларга алданманг. Унутманг, гиёҳвандлик инсоннинг нафақат соғлиғини, балки унинг орзу-мақсадлари ва ҳаётини ҳам барбод қилади.
Ҳурматли фуқаролар!
Ғиждувон тумани Ички ишлар бўлими томонидан наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига қарши мунтазам профилактик ва тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ жиноятчиликка қарши курашда жамоатчиликнинг кўмаги ва фуқароларнинг ҳушёрлиги муҳим аҳамият касб этади.
Агар сиз маҳаллангизда, кўчангизда ёки атрофингизда наркотик воситалар билан боғлиқ шубҳали ҳолатларга дуч келсангиз, бу ҳақда зудлик билан ички ишлар органларига хабар беринг. Сизнинг бефарқ бўлмаслигингиз бир инсоннинг ҳаётини, бир оиланинг бахтини ва маҳаллангиз осойишталигини сақлаб қолишга хизмат қилиши мумкин.
Келинг, барчамиз биргаликда гиёҳвандликка қарши муросасиз кураш олиб борайлик. Ёшларимизни асрайлик, оилаларимиз тинчлигини ва маҳаллаларимиз осойишталигини таъминлаш йўлида бирлашайлик.
Юртимиз тинч, халқимиз омон, фарзандларимиз соғлом ва бахтли бўлсин!
Ҳурмат билан
Шарипов Баҳодирхўжа Зарифович
Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғи.
