26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан Ғиждувон тумани ҳокими Умаров Фарход Бакоевичнинг туман аҳли ва ёшларга мурожаати.
2026-06-21 15:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан барчангизга мурожаат қилар эканман, жамиятимиз учун энг хавфли иллатлардан бири бўлган гиёҳвандликка қарши кураш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Гиёҳвандлик — бу шунчаки бир инсоннинг муаммоси эмас. У оила бахтини вайрон қилади, орзуларни сўндиради, ёшларнинг тақдирини издан чиқаради ва жамият тараққиётига жиддий таҳдид солади. Бир лаҳзалик адашиш йиллар давомида қурилган ҳаётни барбод қилиши мумкин.
Айниқса, бугунги кунда турли ахборот оқимлари ва ёт таъсирлар кучайиб бораётган бир пайтда фарзандларимизнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларни илм-фанга, спортга, касб-ҳунарга ва эзгу мақсадларга йўналтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Муҳтарам ота-оналар!
Фарзанд тарбиясига бефарқлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Уларнинг қизиқишлари, дўстлари, бўш вақти ва ҳаётий мақсадларига эътибор қаратиш орқали биз уларни турли ёт ғоялар ва зарарли одатлардан асрай оламиз. Оиладаги меҳр-муҳаббат, ўзаро ишонч ва самимий мулоқот фарзанд учун энг мустаҳкам қалъадир.
Қадрли ёшлар!
Сизлар — Янги Ўзбекистоннинг таянчи, халқимиз ишончи ва эртанги кунимизнинг бунёдкорларисиз. Сизнинг билимингиз, ғайратингиз ва интилишингиз мамлакатимиз келажагини белгилайди. Шунинг учун ҳаётингизни қадрланг, соғлиғингизни асранг, ўз олдингизга юксак мақсадлар қўйинг. Илм олинг, спорт билан шуғулланинг, Ватанга наф келтирадиган инсон бўлиб камол топинг. Ҳеч қачон ҳаётингиз ва келажагингизга раҳна солувчи иллатларга алданманг.
Бугун биз барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, гиёҳвандликка қарши муросасиз кураш олиб борсак, фарзандларимиз учун соғлом ва хавфсиз муҳит ярата оламиз. Бу йўлда давлат ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Келинг, ёшларимизнинг соғлом, билимли, ватанпарвар ва бахтли инсонлар бўлиб вояга етиши учун биргаликда ҳаракат қилайлик. Гиёҳвандликка қарши курашни фақат бир кунлик тадбир эмас, балки умуммиллий масъулият ва ҳаёт тарзига айлантирайлик.
Юртимиз тинч, халқимиз омон, оилаларимиз фаровон, фарзандларимиз соғлом ва бахтли бўлсин!
Ҳурмат билан
Умаров Фарход Бакоевич
Ғиждувон тумани ҳокими
